Эндиликда судьялар дастлаб 5 йилга, кейин муддатсиз даврга тайинланиши кутилмоқда
Судьяларнинг мақоми алоҳида қонун даражасида белгиланмоқда. Парламент қуйи палатасининг мажлисида иккинчи ўқишда муҳокама қилинган “Судьянинг мақоми тўғрисида”ги қонун лойиҳаси айни шу мақсадга қаратилган.
Суд ҳокимияти мустақиллигини янада мустаҳкамлаш мақсадида ишлаб чиқилган мазкур қонун лойиҳаси билан судья ҳамда халқ маслаҳатчилари учун ёш цензи 35 ёшдан 30 ёшга туширилмоқда. Шунингдек, судьяни дастлаб 5 йилга, кейин эса муддатсиз даврга тайинлаш тартибини жорий этиш, судья, суд раиси ва раис ўринбосари лавозимларига қўйиладиган талабларни кучайтириш назарда тутилмоқда.
Шунингдек, лойиҳада судьялар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилиш чоралари билан боғлиқ нормалар акс этмоқда.
Қайд этилганидек, қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш давомида судья фаолиятининг асосий принципларига доир нормалар қайта тизимлаштирилди. Хусусан, судьянинг қарор қабул қилишда сиёсий қарашлардан ва бошқа ташқи таъсирлардан холи бўлиши алоҳида принцип сифатида мустаҳкамлаб қўйилди. Судьянинг мустақиллигига оид нормалар эса тегишли моддада тизимли ва яхлит тарзда ифодаланди.
Бундан ташқари, лойиҳа билан қонунчиликка янги кириб келаётган истеъфодаги судьянинг мақомига ва унинг фаолияти кафолатларига оид нормалар янада аниқлаштирилди. Жумладан, истеъфодаги судьяга гувоҳнома бериш, уни ўз розилиги билан судьялар ҳамжамияти органлари фаолиятига жалб этиш, судья сифатида ишлаган даврида одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ билдирган фикрлари ва қабул қилган қарорлари учун дахлсизлик кафолатларини сақлаш, шунингдек, профессионал медиаторлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқи тақдим этилишига оид масалалар аниқ ифодаланмоқда.
Судьяларни интизомий жавобгарликка тортишга сабаб бўладиган ҳаракатлар аниқ мезонлар асосида қайта ифодаланди. Хусусан, “қонунийликни қўпол равишда бузиш” тушунчасининг мазмуни очиб берилиб, бундай ҳолатни юқори инстанция суди томонидан аниқлаш ва тегишли хусусий ажримда қайд этиш механизми белгиланди.
Мажлисда депутатлар айрим нормалар бўйича савол ва таклифларни ўртага ташладилар. Судьяларнинг мақомини алоҳида қонун даражасида белгилаш суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш, судьяларнинг ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоясини кучайтиришда муҳим аҳамиятга эга экани алоҳида таъкидланди.
Мажлисда қонун лойиҳаси қабул қилиниб, Сенатга юборилди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА