Энди парламент ваколатлари ўзгаради
ЎзА мухбири Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти Маъмурий-ҳуқуқий, жиноий ҳуқуқий фанлар бўлими бошлиғи, юридик фанлар доктори профессор Аҳрор ХУДОЙБЕРДИЕВ билан суҳбатлашди.
– Янгиланаётган Конституциямиз давлатимизнинг моҳиятини, унинг ижтимоий, иқтисодий, сиёсий тузумини, бошқарувнинг демократик принципларини, жамият ривожланишининг стратегик йўналишларини, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатланганлигини, миллий ва маънавий қадриятларимиз асосларини мустаҳкамлайди. Конституциявий қонун лойиҳасига киритилган янги нормалар барча соҳаларни тараққий эттиришга, шу жумладан, давлат ҳокимиятининг янада самарали ташкил қилишга ёрдам беради.
Бугунги кунда мамлакатимизда янги таҳрирдаги Конституция қоидаларига асосан демократик, ижтимоий ва ҳуқуқий давлатни қуриш бош мақсад сифатида белгиланмоқда. Шундай экан, Конституция нафақат давлатнинг, қолаверса, бутун халқнинг Бош Қомуси сифатида майдонга чиқади. У тарихий ривожланиш ва миллий менталитетга қараб давлат шаклининг ўзига хос хусусиятларини акс эттиради, давлат ва жамият ўртасидаги ҳуқуқий муносабатларни мустаҳкамлайди.
Мамлакатимизни узоқ муддатли тараққиёт стратегиялари, юрт ва халқ фаровон ҳаётининг келажакдаги мустаҳкам ҳуқуқий асоси ва ишончли кафолатлари бевосита Бош Қомусимизда ифодаланган. Янги Конституцияда яна “Барчанинг қонун олдида тенглиги ва қонундан ҳеч ким устун эмаслигини таъминлаш, судлар томонидан адолатли қарорлар қабул қилиш ва умуман олганда, давлат ҳокимияти органларининг халққа хизмат қилиши белгилаб берилди. Янги Конституцияда «давлат – жамият – инсон» тамойилини «инсон – жамият – давлат», яъни «инсон манфаатларини ҳамма нарсадан устун қўйиш» тамойилига ўзгартирилиши, мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларни туб моҳияти, аввало, инсон ва унинг манфаатларига хизмат қилишини ифода этади. Шунингдек, мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини таъминлаш, давлат органларининг ҳисобдорлиги ва очиқлигини кучайтириш ҳамда фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситаларининг роли, аҳоли ва жамоат бирлашмаларининг сиёсий фаоллигини ошириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилди.
Конституция лойиҳаси тайёрланаётганда аҳолидан келиб тушган таклифларнинг қарийб 20 фоизи, яъни 18 мингтаси айнан парламентни ислоҳ қилиш билан боғлиқдир. Шундан келиб чиқиб, халқ ҳокимиятчилигини кучайтириш, халқ вакиллик органи бўлмиш парламентнинг ролини ва ўрнини, масъулиятини ошириш, унинг ваколатларини янада кенгайтириш, умуман, мамлакатимизда парламентаризм, халқ ҳокимиятчилигини янада кучайтиришга қаратилган бир қатор нормалар лойиҳага киритилган.
Янгиланаётган Конституцияда парламент палаталарининг ваколатлари қайта кўриб чиқилиб, янада такомиллаштирилди. Бунда тармоқлар ўртасида бир-бирини тийиш ва мувозанатни сақлаш тизимининг самарали ишлашини таъминлаш мақсад қилиб олинган. Унга кўра, Қонунчилик палатаси ва Сенатнинг ваколатлари сезиларли даражада кенгайди, икки палата ишидаги такрорланишлар бартараф этилиб, ҳар бирининг масъулият соҳаси аниқ белгилаб берилди. Хусусан, Қонунчилик палатасининг мутлақ ваколатлари амалдаги 5 тадан 12 тага, Сенатда эса, 12 тадан 18 тага кўпайтирилди. Бундан ташқари, Бош вазир номзоди Президент томонидан Қонунчилик палатасига киритилиб, уни халқ вакиллари маъқуллаганидан сўнг, лавозимга тайинлаш тартиби белгиланди. Энди давлат раҳбари томонидан Бош вазир номзоди фақатгина сайловда энг кўп овоз олган партия билан эмас, балки Қонунчилик палатасидаги барча сиёсий партиялар фракциялари билан маслаҳатлашгач, кўриб чиқиш учун киритилади. Ушбу киритилаётган ўзгартириш демократик талабларга тўлалигича мос келади.
Шунингдек, фаолияти қониқарсиз деб топилган вазирни лавозимидан озод этиш бўйича Қонунчилик палатаси Президентга таклиф киритиш таклиф қилинди. Ушбу ҳуқуқнинг белгиланаётганлиги Ҳукумат аъзоларининг халқ вакиллари олдидаги ҳисобдорлигини янада оширишга хизмат қилади.
Олий Мажлис Сенати қўмиталари ваколати қайта кўриб чиқилиб, сенаторлар сонини ҳозирги 100 нафардан 65 нафарга камайтириш белгилаб берилди. Бунда ҳар бир ҳудуддан 4 тадан сенатор сайланиши, президент томонидан тайинланадиган сенаторлар сони эса 16 тадан 9 тага камайтириш масаласи Янги таҳрирдаги Конституцияда алоҳида белгилаб берилди.
Янги таҳрирдаги Конституцияда қонунчилик ташаббускорлиги ҳуқуқи субъектлари қаторига Ўзбекистон Республикаси халқи ҳам киритилди. Бу қоида эса демократик талабларга тўлиқ мос келади. Янги Конституциянинг 98-моддасига кўра “Қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига Ўзбекистон Республикаси Президенти, давлат ҳокимиятининг олий вакиллик органи орқали Қорақалпоғистон Республикаси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси эгадирлар. Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди, Олий суди ва Бош прокурори ҳам ўз ваколатлари жумласига киритилган масалалар бўйича қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эгадир. Қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи қонун лойиҳасини қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш орқали амалга оширилади. Ўзбекистон Республикасининг сайлов ҳуқуқига эга бўлган, юз минг нафардан кам бўлмаган фуқаролари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси қонунчилик таклифларини қонунчилик ташаббуси тартибида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритишга ҳақли. Қонун лойиҳаларини, қонунчилик таклифларини киритиш ва кўриб чиқиш тартиби қонун билан белгиланади.
Юқорида қайд қилинганидек, энди янги қоидага кўра, Ўзбекистон Республикасида сайлов ҳуқуқига эга бўлган, юз минг нафардан кам бўлмаган фуқаролари ҳам қонунчилик ташаббусига эга бўлиши белгиланди.
Янгиланаётган Конституцияда қонунни қабул қилиш ва имзолаш босқичида яна бир холатга эътибор берадиган бўлсак, Асосий қонуннинг 𝟗𝟗-моддасида “Қонун Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилиниб, Сенат томонидан маъқулланиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзолангач ва қонунда белгиланган тартибда расмий манбаларда эълон қилингач, юридик кучга эга бўлади” деб кўрсатилган. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган қонун қабул қилинган кундан эътиборан ўн кундан кечиктирмай Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига юборилади. Қонун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан олтмиш кун ичида кўриб чиқилади ва маъқулланган тақдирда, имзоланиши ва эълон қилиниши учун Ўзбекистон Республикаси Президентига ўн кундан кечиктирмай юборилади. Агар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати қонунни маъқуллаш ёки рад этиш тўғрисида олтмиш кун ичида қарор қабул қилмаса, Қонунчилик палатаси томонидан қонун имзоланиши ва эълон қилиниши учун Ўзбекистон Республикаси Президентига юборилади. Ўзбекистон Республикаси Президенти қонунни олтмиш кун ичида имзолайди ва эълон қилади. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан рад этилган қонун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига қайтарилади. Агар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан рад этилган қонунни қайта кўриб чиқишда Қонунчилик палатаси депутатлар умумий сонининг учдан икки қисмидан иборат кўпчилик овози билан қонунни яна маъқулласа, қонун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан қабул қилинган ҳисобланади ҳамда имзоланиши ва эълон қилиниши учун Ўзбекистон Республикаси Президентига Қонунчилик палатаси томонидан юборилади.
Хулоса ўрнида шуни алоҳида таъкидлаш мумкинки, давлатнинг олий органи томонидан қабул қилинаётган ҳар қандай қонун жамият, халқ ва давлат учун, қолаверса, уларнинг эрки ифодаси сифатида яратилади. Шундай экан, қонунлар фуқаролар учун тушунарли, равон тилда баён этилиши лозим. Шундагина, қонунларимиз халқимиз томонидан ижобий баҳоланиш билан бир қаторда фуқаролар томонидан уларга амал қилиш ва ҳурмат муносабати шаклланади.
Беҳруз Худойбердиев, ЎзА