Энди ўқитувчининг обрўси янада юксалади
Муносабат

Дунёдаги ривожланган, ҳар жабҳада етакчи Германия, Буюк Британия, АҚШ, Япония, Сингапур, Жанубий Корея сингари давлатларнинг тараққиёт йўлига эътибор қаратилса, уларнинг иқтисодий ва бошқа турли йўналишлардаги ютуқлари замирида таълим тизимини ислоҳ қилиш, инсон капитали ва интеллектуал салоҳиятини юксалтиришга катта эътибор қаратилганлиги ётади.
Ана шундан келиб чиқиб, юртимизда ҳам давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Янги Ўзбекистонни ривожланган давлатлар қаторига олиб чиқиш учун кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Мамлакатимиз тараққиёти, халқимиз интеллектуал салоҳияти ва турмуш фаровонлигини янада юксалтиришга қаратилган ана шу ислоҳотлар самараси йилдан-йилга ортиб бормоқда. Туб ислоҳотлар марказида таълим тизимининг мазмуни ва сифатини янада ошириш, замонавий билим, юксак салоҳиятга эга бўлган, дунё меҳнат бозорида рақобатбардош кадрлар тайёрлаш масаласи турганлигини алоҳида таъкидлаш ўринли.
Сўнгги йилларда таълим мазмунига қўйилган талаблар қайта кўриб чиқилди, унинг барча босқичлари ўртасида ўзаро интеграцияни йўлга қўйиш бўйича муҳим қадамлар ташланди. Бундан ташқари, узоқ йиллардан буён тўпланиб қолган муаммолар, айниқса, педагог кадрларнинг қўнимсизлиги, соҳада эркак ўқитувчилар сонининг кескин камайиб кетиши, мутахассисларнинг жамиятдаги нуфузи, қадри бирмунча пасайгани сингари масалалар юзага чиқиб қолди. Ана шу масалаларни ўз вақтида кўра олган Президентимиз ташаббуси билан ҳар бир босқичда таълим сифатини, педагог ходимларнинг жамиятдаги обрўсини ошириш, уларга муносиб шарт-шароитлар яратиш, меҳнатини рағбатлантириш бўйича аниқ ва тизимли ишлар олиб борилмоқда. Ана шу ислоҳот ва жараёнларнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланмоқда.
Жорий йилнинг 1 февралида Ўзбекистон Республикасининг “Педагогнинг мақоми тўғрисида”ги қонуни қабул қилинганлиги жамиятимиз ҳаётидаги муҳим воқеалардан бири бўлди. Ушбу қонун ҳужжати билан давлатимиз тарихида биринчи марта педагогларнинг мақоми белгиланди. Педагогнинг ҳуқуқлари, шаъни, қадр-қиммати ва обрўси давлат ҳимоясида эканлиги кафолатланди.
Ушбу қонуннинг 5- моддасида педагогнинг касбий фаолиятига аралашиш, унинг фаолиятини асоссиз равишда текшириш, педагог томонидан таълим олувчиларнинг билимларини баҳолашга таъсир кўрсатиш, педагогни ҳудудларни ободонлаштириш, қишлоқ хўжалиги, шунингдек, аҳолининг солиқлар, коммунал тўловлар, кредитлар ва бошқа қарздорлиги бўйича тўловларини йиғиш ишларига жалб қилиш, ундан битирувчиларнинг бандлиги таъминланганлиги ҳақидаги ҳисоботлар ва маълумотларни талаб қилиш тақиқланди. Қонун талабларининг бажарилмаслик ҳолатларини юзага келтирган шахлар белгиланган тартибда жавобгарликка тортилиши белгиланди.
Яна бир муҳим жиҳати, педагогларнинг ижтимоий ҳимояси масаласи ҳам муҳим нормалар билан бойиди. Хусусан, қонуннинг 14- моддасида таълим ташкилотлари ходимлари учун қисқартирилган иш вақти белгиланиши кўрсатилиб, фарзандларини мактабгача таълим ташкилотларига беришда, тиббий хизматлар олишда имтиёз берилиши белгилаб қўйилди.
Бундан ташқари, қонунда педагогларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари, педагогик этика қоидалари, педагогларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, уларни аттестациядан ўтказиш, меҳнатига ҳақ тўлаш ва рағбатлантириш каби муҳим масалалар ҳам қонун нормалари билан тартибга солинган.
Бир сўз билан айтганда, ушбу қонунни таълим тизимидаги улкан ўзгаришларга асос буладиган тарихий ҳужжат дейиш мумкин. Энг асосийси, мазкур ҳужжат бугун замонавий, ўз устида ишлайдиган, юқори касбий маҳоратга эга педагогларнинг қадр топиши, уларни маънавий ва моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга, умуман, ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясининг ҳуқуқий кафолати бўлади.
Қонун биз педагогларни янада руҳлантиради, касбимизга бўлган ҳурмат, умид ва ишончимизни оширади, қолаверса, зиммамизга ёш авлодга муносиб таълим ва тарбия бериш, юртимиз равнақи учун хизмат қиладиган билимли, салоҳиятли, рақобатбардош кадрлар тайёрлашдек масъулиятли вазифаларни юклайди. Ишонч билан айта оламанки, педагоглар, хусусан, институтимиз педагогик жамоаси ана шу вазифаларни сидқидилдан адо этиш учун бор билим ва имкониятларини ишга солади.
Дилшодбек Рустамов,
Андижон давлат чет тиллар институти ректори, профессор.
ЎзА