Энди муҳр қўйиш талаб этилмайди
Бундан бир йил аввал тадбиркорлар учун муҳрнинг умуман кераги бўлмайди, десалар ким ишонарди?
Бундан бир йил аввал тадбиркорлар учун муҳрнинг умуман кераги бўлмайди, десалар ким ишонарди? Ҳеч ким! Буни қарангки, шундай даврлар ҳам келди. Аслида ҳар бир тадбиркорнинг муҳр воқеаси билан боғлиқ машмашаси бор. Ким уни йуқотган, ким муҳрсиз банкка борган, яна бировнинг муҳри кимники билан алмашган. Хуллас, бугун тадбиркорлар муҳр қўйиш билан боғлиқ оворагарчиликдан халос бўлдилар. Мазкур фикримизни ҳуқуқий асосласак:
Маълумки, юртимизда қулай бизнес муҳитини ва халқаро майдонда мамлакатнинг ижобий нуфузини шакллантиришга қаратилган чора-тадбирлар кўрилмоқда. Кейинги 5 йил давомида кўрилган чора-тадбирлар натижасида Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг “Бизнес юритиш” рейтингида Ўзбекистон жаҳоннинг 190 та мамлакати орасида 146 ўриндан 76 ўринга кўтарилганини эътироф этиш жоиз.
“Бизнес юритиш” йиллик ҳисоботида мамлакатнинг рейтингини яхшилашга доир қўшимча чоралар кўриш, шунингдек 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича 2019 йил 5 февралда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг “Бизнес юритиш” йиллик ҳисоботида Ўзбекистон Республикасининг рейтингини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4160-сонли қарори қабул қилинди.
Қарорга асосан Жаҳон банки ва бошқа халқаро молиявий институтлар билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг “Бизнес юритиш” йиллик ҳисоботида Ўзбекистон Республикасининг рейтингини янада яхшилаш бўйича “Йўл харитаси” ҳамда 2022 йилга келиб республиканинг 20-ўринга эришишини назарда тутувчи мақсадли кўрсаткичлари тасдиқланди. Қарорнинг 3-бандига мувофиқ, шу вақтга қадар амалда бўлган айрим бюрократик тўсиқлар, жумладан, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан тадбиркорлик субъектларидан ҳужжатларга муҳр босилиши ёки ҳужжатларнинг муҳр билан тасдиқланишини талаб қилиш 2019 йил 1 мартдан бошлаб бекор қилинди. Энди тадбиркор ўзи билан бирга олиб юрадиган муҳрни офисида ташлаб ҳам чиқиши мумкин.
Соҳибжон Бегматов,
Навбаҳор туман давлат хизматлари
маркази бўлим бошлиғи