Эмлаш — фарзанд саломатлиги кафолати: ишончсизлик ортида қандай омиллар бор?
Вакцина таркибида нима бор? У бола саломатлиги учун хавфсизми? Ижтимоий тармоқларда тарқалаётган турли хабарлар ва асоссиз иддаолар сабаб бу саволлар кўплаб ота-оналарни ўйлантирмоқда. Айримлар фарзандини эмлатишдан бош тортса, бошқалар қарор қабул қилишга иккиланади. Аслида, вакциналарнинг хавфсизлиги қандай назорат қилинади? Эмлашдан воз кечишнинг ортида қандай сабаблар бор? Бу саволларга Ўзбекистон Республикаси Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси Тошкент шаҳар бошқармаси врач-эпидемиологи Нигора Шокир билан суҳбатда жавоб изладик.
— Сўнгги йилларда аҳоли орасида эмлашга нисбатан ишончсизлик ҳолатлари учрамоқда. Айрим ота-оналар диний қарашларни, бошқалар эса ижтимоий тармоқларда тарқалаётган маълумотларни сабаб қилиб, фарзандларини эмлатишдан бош тортишмоқда. Бундай ҳолатларнинг асосий сабаблари нимада?
— Афсуски, бугунги кунда диний омилларни сабаб қилиб ёки норасмий каналларда тарқатилаётган асоссиз хабарларга ишониб, фарзандларини эмлатмаётган ота-оналар ҳам бор. Бироқ, эмлашдан бош тортишнинг сабаблари фақат диний қарашлар билан чекланмайди. Айрим ота-оналар вакцинадан кейин болада ҳарорат кўтарилиши ёки бошқа реакциялар кузатилишидан хавотирланади. Баъзилар вакцинанинг узоқ муддатли таъсири ҳақида асоссиз гумонларга боришади.
Бундан ташқари, ижтимоий тармоқларда вакцина таркиби, таъсири ва оқибатлари ҳақидаги текширилмаган хабарлар тез тарқалмоқда. Тиббий саводхонликнинг етарли эмаслиги, оила аъзолари ва яқинларнинг таъсири, тиббиёт ходимлари томонидан етарлича тушунтириш берилмаслиги ҳам ишончсизликни кучайтириши мумкин. Айрим ҳолларда эса ташкилий муаммолар — эмлаш кунини ўтказиб юбориш, тиббий муассасага боришдаги қийинчиликлар, боланинг вақтинча касал бўлиши ёки тиббий чекловларнинг нотўғри талқин қилиниши натижасида ҳам болалар эмлашдан четда қолади.
Шунинг учун бу масалада ота-оналарнинг диний ва дунёвий билимларини ошириш, уларга ишончли маълумотларни етказиш, айниқса, расмий манбаларга таяниш муҳим.
— Вакциналарнинг таркиби ва хавфсизлиги борасида қандай маълумот бера оласиз?
— Бу масалага алоҳида эътибор қаратиш лозим. Айрим оилаларда вакцина таркибидаги моддалар, унинг ҳалоллиги ва турли диний талқинлар билан боғлиқ саволлар учрайди. Бироқ диний омилни республика миқёсида эмлашдан бош тортишнинг асосий сабаби деб баҳолаш учун етарли очиқ статистик далил мавжуд эмас. Вакцина таркиби билан қизиққан фуқаролар ишлаб чиқарувчиларнинг расмий интернет манбалари орқали тўлиқ маълумот олишлари мумкин.
Ўзбекистонда эмлаш хавфсизлигига алоҳида эътибор қаратилади. Вакциналар ЮНИСЕФ раҳбарлигида марказлашган ҳолда олиб келинади ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг преквалификация сертификатига эга бўлади. Республикага келтирилган ҳар бир вакцина ишлаб чиқарувчи сертификатига мувофиқлиги бўйича лаборатория синовларидан ўтказилади. Шунингдек, Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш марказида яроқлилиги қайта тасдиқланади.
Вакциналарни ташиш ва сақлаш жараёнида ҳам қатъий талабларга амал қилинади. Улар махсус авторефрижераторларда, совуқлик занжирига риоя этилган ҳолда ҳудудларга етказилади. Барча эмлаш хоналарида эса +2 дан +8 даражагача бўлган ҳароратда сақланади.
Диний жиҳатдан ҳам инсон ҳаёти ва саломатлигини асраш динимизнинг муҳим мақсадларидан биридир. Уламоларимиз “Касалликдан сақланиш уни даволашдан яхшироқдир”, деган хулосага келганлар.
— Ижтимоий тармоқлардаги асоссиз маълумотлар аҳолининг вакцинацияга бўлган муносабатига таъсир кўрсатаётган бир пайтда, ишончни мустаҳкамлаш учун қандай ёндашувлар самарали бўлиши мумкин?
— Бугунги кунда аҳоли билан ишлашда фақат маъруза ўқиш, буклет тарқатиш ёки оммавий тадбирлар ўтказишнинг ўзи етарли эмас. Чунки ижтимоий тармоқлардаги нотўғри маълумотлар одамларнинг қарор қабул қилишига кучли таъсир кўрсатмоқда. Шунинг учун аҳолига бир томонлама ахборот беришдан кўра, улар билан очиқ мулоқот ўрнатиш, саволларига ишончли жавоб бериш ва вакцинациянинг аҳамиятини ҳаётий мисоллар орқали тушунтириш муҳим.
Бу борада, аввало, маҳаллабай ва хонадонбай ишлаш тизимини кучайтириш зарур. Эмланмаган болаларни аниқлаш, уларнинг ота-оналари билан индивидуал суҳбатлар ўтказиш, ҳар бир оиланинг хавотирини ўрганиб, шунга мос тушунтириш бериш самарали ёндашувлардан ҳисобланади.
Шунингдек, маҳалла раислари, хотин-қизлар фаоллари, ёшлар етакчилари ва тиббиёт ходимларини ҳамкорликка жалб қилиш, диний уламолар билан ишлаш ҳам муҳим. Оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда эса вакцина ҳақидаги нотўғри фикрларга қисқа видеолар орқали жавоб бериш, иммунолог, эпидемиолог ва педиатрлар иштирокида жонли эфирлар ташкил этиш, блогерлар билан ҳамкорлик қилиш, инфографикалар тайёрлаш мақсадга мувофиқ.
Хусусан, айрим ота-оналар эмлашга бўлган ўз муносабатларини қуйидагича ифодалади:
Азиза Ҳикматова: Биринчи фарзандимни эмлатиш масаласида анча иккиландим. Тарқалаётган турли гаплар, ижтимоий тармоқлардаги қўрқинчли хабарлар таъсирида вакцинацияни кечиктирган пайтларим ҳам бўлган. Кейин фарзандим касалликка чалиниб, аҳволи оғирлашавергач, эмлаш ҳақида кўпроқ ўйлай бошладим. Кейинги фарзандларимни эса педиатр ҳар чақирганида поликлиникага олиб бориб эмлатдим. Ҳозир бу масалага тўғриси, муносабатим бутунлай бошқача. Ота-оналарга эса маслаҳатим: ҳар қандай хабарга ишониб кетмасдан, педиатр билан маслаҳатлашинг. Ҳар ҳолда болангизни саломатлиги сизга ва унинг ўзига керак.
Азиз Жабборов: Бугун жуда кўп юқумли касалликларнинг турлари ҳақида эшитяпмиз. Илгари бунақа эмас эди. Афсуски, ижтимоий тармоқларда бугун вакцина ҳақида ҳар хил гаплар тарқалиб кетди. Бизда эса ҳаммаси яхши, шукр. Педиатр чақирганда дарров олиб бориб, эмлатамиз. Қизимнинг боғчасидан қизамиқ юққанида ҳам енгил ўтиб кетган, болам эмланганлиги учун. Эмланмаса, қизамиқ ҳамма ёғига тошиб, болам қийналиши мумкин эди.
Ирода Абдиева: Болалигимда онам ҳамма вакциналарни ўз вақтида олишимни назорат қилган. Унча-мунчага касал бўлмайман, касалликларга қарши иммунитет вакцинация орқали шаклланади-да. Ҳозир 40 ёшдаман. Шу боис менинг ҳам вакцинацияга муносабатим ижобий. Қизиғи, бугун онам болаларимнинг ҳам эмлаш жараёнини назорат қилиб боряпти. Менимча, фарзанд саломатлигига масъулиятли муносабат оиладан бошланиши керак.
Нигора Шокир шунингдек, ЮНИСЕФ билан ҳамкорликда илгари ҳам аҳоли орасида вакцинацияга нисбатан ишончни ошириш бўйича жамоатчилик мулоқотлари ташкил этилгани, уларда тиббиёт ходимлари, ўқитувчилар, ёшлар, диний уламолар, блогерлар ва маҳаллий жамоатчилик вакиллари иштирок этганини таъкидлади.
—Бундай мулоқотларнинг муҳим жиҳати — одамларни фақат тингловчи эмас, балки муҳокаманинг фаол иштирокчисига айлантириш. Вакцинацияга бўлган ишончни мустаҳкамлашнинг энг тўғри йўли — тиббиёт ходими, маҳалла, диний уламолар, журналистлар ва блогерларнинг ҳамжиҳатликда ишлашидир. Биз аҳолига фақат “эмланиш керак” деб айтиш билан чекланмаслигимиз лозим. Нима учун эмланиш кераклиги, вакцина қандай назоратдан ўтиши, унинг фойдаси ва эҳтимолий ножўя таъсирлари ҳақида очиқ, холис ва илмий асосланган маълумот беришимиз керак, — деди у.
Кузатувларимизга кўра, эмлашга бўлган муносабат охирги икки йил ичида илгариги йилларга нисбатан анча ўзгарган. Мисол, биргина қизамиқ бўйича ижобий динамика кузатилган: 2024 йилда 20 минг 940 та ҳолат қайд этилган бўлса, жорий йилнинг ўн ойида бу кўрсаткич 2 минг 542 тага камайган.
Тиббий саводхонликни ошириш борасида мутахассислар томонидан олиб борилаётган чора-тадбирларнинг натижаси, ота-оналарнинг эмлашга бўлган муносабати ижобий томонга ўзгариши эса бу йўналишда муҳим ўрин тутади.
Моҳичеҳра Эшмирзаева ёзиб олди.
ЎзА