Ҳоким ёрдамчилари учун малака ошириш курслари бошланди
Бугунги кунда мамлакатимизда камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги ислоҳотлар бевосита маҳаллабай тизими орқали амалга оширилмоқда. Ушбу жараённинг энг муҳим бўғини бўлган ҳоким ёрдамчиларидан нафақат ҳудуд муаммоларини билиш, балки замонавий бизнес-режалар тузиш, молиявий ресурсларни тўғри йўналтириш ва тадбиркорлик ташаббусларини реал даромад манбаига айлантириш талаб этилади.
Шу мақсадда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби ҳамкорлигида ҳоким ёрдамчиларининг «лойиҳабай» ишлаш кўникмаларини оширишга қаратилган махсус малака ошириш курслари йўлга қўйилди.
Айни кунларда машғулотлар барча ҳудудда бошланган. Ўқувлар давомида маҳалладаги муаммо ва имкониятларни аниқлаш, уларни амалий лойиҳаларга айлантириш, молиявий ҳисоб-китобларни амалга ошириш ҳамда натижадорликни баҳолаш кўникмалари шакллантирилмоқда.

Машғулотларда «90 кунда — натижа» лойиҳаси мисолида 120 миллион сўмлик бюджетни тақсимлаш, янги иш ўринлари қийматини ҳисоблаш ва микролойиҳаларни ишлаб чиқишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Мазкур курслар ҳоким ёрдамчиларининг касбий салоҳиятини ошириш, маҳаллаларда тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга қаратилган ишлар самарадорлигини кучайтиришга хизмат қилади.

Мазкур ўқувлардан мақсад маҳаллаларда бизнес лойиҳаларни тўғри шакллантириш, молиявий инструментларни танлаш ҳамда тадбиркорлар билан ғоядан тортиб тайёр бизнесгача бўлган «лойиҳабай» тизимда ишлаш кўникмаларини мустаҳкамлашдан иборат.
Гулноза Бобоева,
ЎзА