Элни яхшилик сари етаклаш ватанпарварликдир
Муносабат
Юракларимизда шундай ғурур қачон уйғонади? Қачонки, ўзимиз яшаб, ўзимиз нафас олиб турган маҳалла обод, кўркам ва гўзал бўлса.
Агар кўчалар лой, ўнқир-чўнқир, сув йўқ, экин-тикин қилишга имконият кам бўлса-чи? Шарт-шароит ҳамин қадар, яшаб бўлмайди бу маҳаллада деб, тўнни тескари кийиб олиш керакми? Ёки кўч-кўронни кўтариб, яхшироқ бир маҳаллага кўчиш тараддудини кўриш зарурми? Айтмоқчиманки, ҳар бир инсон учун ўзи туғилиб ўсган маскан – маҳалла қадрдон. Ундан ҳеч ким воз кеча олмайди. Шундай экан, кўчалари лой, йўллари ўнқир-чўнқир бўлиб қолганига шу ерда яшовчи аҳолининг ҳам айби бор.
Энг муҳими, маҳаллани ривожлантириш учун ҳамжиҳатлик керак. Одамлар бирлашса, етакчи кучга айланади. Хайрли мақсад йўлида қилинган ҳамкорликда ҳикмат катта. 24 март куни “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида жорий йилда амалга ошириладиган ишлар муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида Президентимиз таъкидлаганидек, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” деганда, нафақат уларнинг йўли ёки қиёфаси яхшиланиши, балки у ерда яшовчи аҳолининг даромади кўпайиши, ижтимоий объектлар тўлиқ ишлаши керак. Энг асосийси, ҳақиқий обод маҳаллада “темир дафтар”, “аёллар” ва “ёшлар” дафтарлари бўлмаслиги лозим. Бунинг учун, тадбиркорлар билан маслаҳатлашиб, ишлаб чиқаришларни ташкил этиш, янги иш ўринлари яратиш зарур. Сарфланган ҳар бир сўм инвестиция одамларимизга уч баравар кўп фойда келтириши, уларнинг даромадини оширишга хизмат қилиши керак.
Бу фикрлардан шундай хулоса чиқариш мумкинки, агар давлатимиз раҳбари белгилаб берган вазифалар тўлиқ бажарилса, маҳалла аҳли ўзида ғайрат, шижоатни ҳис этса, сарфланган инвестиция одамлар даромадини оширса, юқорида айтилганидек, маҳалла ғурурланишга арзигулик кўркам гўшага айланади.
Бу улуғвор вазифаларни ҳаётга жорий этишда раҳбарлар, депутатлар ва кенг жамоатчилик астойдил ҳаракат қилиши, одамларни изидан эргаштира олиши лозим. Зеро, элни яхшилик сари етаклаш ватанпарварликдир.
Асилабону Султонова,
Ўзбекистон Либерал демократик партияси
Қашқадарё вилояти Кенгаши мафкуравий тарғибот-ташвиқот ишлари бўлими мудири