Элликқалъада ёш хонандалар танлови давом этмоқда
Элликқалъа тумани марказидаги маданият саройида Ўзбекистон, Қорақалпоғистон, Туркманистон ва Татаристон халқ артисти, давлат мукофоти совриндори Отажон Худойшукуров таваллудининг 75 йиллигига бағишланган “Она диёр куйчиси” ёш хонандалар кўрик-танловининг Ўзбекистон Республикаси босқичи бўлиб ўтмоқда.
Элликқалъа тумани марказидаги маданият саройида Ўзбекистон, Қорақалпоғистон, Туркманистон ва Татаристон халқ артисти, давлат мукофоти совриндори Отажон Худойшукуров таваллудининг 75 йиллигига бағишланган “Она диёр куйчиси” ёш хонандалар кўрик-танловининг Ўзбекистон Республикаси босқичи бўлиб ўтмоқда.
Тадбирга ташриф буюрган меҳмонлар ва ёш истеъдодли иштирокчилар тантанали кутиб олинди. Кўрик-танловнинг очилиш маросимини Элликқалъа тумани “Отажон Худойшукуров” жамғармаси раиси И. Саъдуллаев, Ўзбекистон миллий Мақом санъати маркази директори, профессор С. Бегматов ва бошқалар давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда миллий маданиятимиз ва санъатимизни ривожлантириш, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 23 сентябрдаги “Ўзбекистон халқ артисти Отажон Худойшукуров таваллудининг 75 йиллигига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги мажлис баёни ижросини таъминлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишларга тўхталди.
Танловдан кўзланган асосий мақсад миллий қўшиқчилик санъатида ўчмас из қолдириб кетган бетакрор овоз соҳиби, моҳир созанда, бастакор ва хонанда Отажон Худойшукуров таваллудини доимий тарзда кенг нишонлаш, таниқли хонанда қолдирган ижодий меросни ўрганиш орқали ёшларни миллий санъатга бўлган меҳрини янада ошириш, иқтидорли ёш ижодкорларни излаб топиш ва улар фаолиятини кенг тарғиб этишдан иборатдир.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Республика маданият муассасалари фаолиятини ташкил этиш илмий-методик маркази, Тўрткўл ва Элликқаъла туман ҳокимликлари ҳамкорлигида ташкил этилган танловда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий босқичларида ғолиб бўлган 30 нафардан зиёд иштирокчи ўзаро беллашмоқда.
Қўрик-танлов ғолибларини тақдирлаш маросими Тўрткўл тумани Отажон Худойшукуров номидаги маданият саройида бўлиб ўтиши режалаштирилган.