Электромобил бозорида нима гап?
Дунё бўйлаб электромобил савдоси апрель ойида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 6 фоиз ўсиб, 1.6 миллионни ташкил этди. Лондонда жойлашган “Benchmark Mineral Intelligence” компанияси ҳисоботида қайд этилишича, глобал бозор йиллик ҳисобда ўсишни сақлаб қолган бўлса-да, март ойига нисбатан сотув 9 фоиз камайган.
Европа электромобилга талаб энг кўп ошаётган минтақа бўлиб қолмоқда. Мартдаги рекорд кўрсаткичдан сўнг апрель ойида кўҳна қитъада 400 000 дан ортиқ машина сотилди. Бу ўтган йилга нисбатан 27 фоиз ўсишни англатади. Умуман, Яқин Шарқдаги уруш ортидан ёнилғи нархи кўтарилиши минтақада электр транспорт воситаларига қизиқишни кучайтирди.
Дунёнинг энг йирик бозори ҳисобланган Хитойда эса аксинча пасайиш кузатилди: апрелда сотув 8 фоиз қисқариб, 850 000 га тушди. Бунга йил бошида субсидия тизимига киритилган ўзгариш, айниқса кичик автомобиллар сегментига салбий таъсир кўрсатгани сабаб бўлди. Ички талаб сустлашгани сайин ХХР экспортни кенгайтирди ва шу ой 400 000 дан зиёд электромобил хорижга юборилди. Йилнинг дастлабки тўрт ойида экспорт миқдори 1,4 миллион донага яқинлашди. Шу боис Европа, Жанубий Америка ва Жануби-Шарқий Осиё бозорларида Пекинда ишлаб чиқарилган машина сони сезиларли даражада кўпайди.
Шимолий Америкада сотув 28 фоиз камайиб, 120 000 донани ташкил этди. Америка Қўшма Штатлари ва Канадада пасайиш қайд этилган бўлса, Мексикада ўсиш кузатилди. Бошқа минтақаларда бозор анча фаол: бир йилда 110 фоиз ошиб, 240 000 га етди.
Компаниянинг маълумот бўлими раҳбари Чарлес Лестер айтишича, 2026 йил бошидан буён дунё бўйича 5,6 миллион электромобил сотилган. Европадаги барқарор ўсиш Хитой ва Шимолий Америкадаги пасайиш таъсирини юмшатмоқда. Субсидия сиёсатидаги ўзгариш Хитой ички бозорига босим ўтказаётган бўлса-да, экспорт суръати тезлашмоқда. Мексика ХХРдан импорт тезлашиши ҳисобига ижобий натижа кўрсатмоқда.
Хуллас, минтақалар ўртасидаги тафовут, экспорт кенгайиши ва кучайиб бораётган рақобат глобал электромобил бозорини янги босқичга олиб чиқмоқда.
Жасмина Бахтиёрова,
ЎзА