Испания ЕИ умумий армиясини яратишга чақирмоқда
“Politico” нашри хабар беришича, Испания ташқи ишлар вазири Хосе Мануэль Альбарес Европа ўз хавфсизлигини таъминлаш учун АҚШга боғлиқликни камайтириши кераклигини таъкидлаб, доимий Европа Иттифоқи армияси яратиш фикрини қўллаб-қувватлади.
– Биз ҳар куни эрталаб АҚШ бугун нима қилишини ўйлаб уйғонолмаймиз, – деди Альбарес Брюсселда бўлиб ўтган ЕИ Ташқи ишлар кенгаши йиғилишидан олдин.
– Кўҳна қитъа мамлакатлари Трамп маъмуриятининг НАТО ва трансатлантик муносабатга ёндашуви ўзгариб бораётган бир пайтда ўз мудофаа имкониятини яратиши шарт. Умумий Европа армиясини барпо этиш иттифоққа муқобил йўл эмас, балки салоҳиятни мустаҳкамлаш воситаси сифатида кўрилиши керак.
Бундан ташқари ЕИда Вашингтон босим воситаси ўлароқ фойдаланиши мумкин бўлган АҚШ рақамли хизмати ва технологиясига Европа компанияларининг қарамлиги борасидаги хавотир ҳам кучаймоқда. Яъни, нашр ЕИга аъзо давлатлар 2030 йилга келиб мудофаага жами 943 миллиард доллар сарфлашни режалаштирганига ҳам эътибор қаратган.
С.Раҳимов, ЎзА