Электр тармоқлари куз-қиш мавсумига шайланмоқда (+видео)
Куз-қиш мавсумида аҳоли хонадонлари, ижтимоий соҳа объектлари, саноат корхоналари ва тадбиркорлик субъектларини барқарор электр энергияси билан таъминлаш долзарб вазифалардан бири ҳисобланади. Айниқса, ҳаво ҳарорати пасайиб, электр энергиясига бўлган эҳтиёж ортиши тармоқларнинг ишончлилигини текшириш, мавжуд қувватлардан самарали фойдаланиш ва фавқулодда ҳолатларга тезкор жавоб қайтаришни талаб этади.
Бугунги кунда “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Тошкент ҳудудий филиали тасарруфида 7 минг 617 та трансформатор пункти ва 24 минг 466 километр электр узатиш тармоғи мавжуд. Ушбу тизим орқали жами 36 минг 938 нафар юридик шахс ва 772 минг 896 нафар аҳоли электр энергияси билан таъминланмоқда. Бу рақамларнинг ўзиёқ электр тармоқларининг барқарор ишлаши кундалик ҳаёт ва ҳудуд иқтисодиёти учун нақадар муҳим эканини кўрсатади.

Куз-қиш мавсумида юзага келиши мумкин бўлган юкламаларни ҳисобга олган ҳолда тармоқларни техник жиҳатдан тайёрлаш ишлари йил давомида босқичма-босқич олиб борилади. Хусусан, 2026 йил январь–август ойларида 2 минг 631,7 километр электр узатиш тармоғи ва 785 та трансформатор пунктида мукаммал таъмирлаш ишлари режалаштирилган бўлиб, мазкур вазифалар тўлиқ бажарилди.
Йиллик жорий таъмирлаш режаси доирасида эса 6 минг 930 километр электр узатиш тармоғи ва 2 минг 232 та трансформатор пунктида ишларни амалга ошириш белгиланган. Бу йил 2 сентябрь ҳолатига 6 минг 278,93 километр тармоқ ва 1 879 та трансформатор пунктида жорий таъмирлаш ишлари бажарилган. Бундай профилактик ишлар, аввало, тармоқларнинг қишки юкламаларга тайёрлигини ошириш, эскирган ва таъмирталаб қисмларни барвақт аниқлаш ҳамда электр таъминотида узилишлар юзага келишининг олдини олишга қаратилган.

Совуқ кунларда зарур эҳтиёт қисмлар ва материаллар захирасини шакллантириш ҳам муҳим аҳамият касб этади. Шу мақсадда марказий ҳамда туман-шаҳар омборларида турли қувватдаги трансформаторлар, трансформатор мойи, темир-бетон таянчлар, сим ва кабель, кабель муфталари, автомат ўчиргичлар, рубильниклар ҳамда бошқа зарур материаллардан иборат захира яратилган.
Шунингдек, вилоятнинг 22 та туман ва шаҳрида тезкор чиқиш бригадаси 24 соатлик иш режимига ўтказилган. Мавсумда жами 604 нафар ходим, жумладан, 116 нафар муҳандис ва 488 нафар электромонтёрдан иборат 100 та таъмирлаш бригадаси фаолият юритади. Уларга махсус техника ва автотранспорт воситалари бириктирилган.

Электр таъминотида барқарорликни таъминлаш, энг аввало, аҳоли яшайдиган ҳудудлардаги тармоқларнинг ҳолатига боғлиқ. Шунинг учун маҳаллалардаги мавжуд тармоқларни янгилаш ва трансформатор қувватларини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Жумладан, Қуйи Чирчиқ туманидаги 3 та маҳаллада трансформатор пунктларини ўрнатиш ва электр узатиш тармоқларини тортиш бўйича ишлар давом этмоқда. Оққўрғон туманида ҳам 8 та маҳалла бўйича тармоқларни янгилаш ва трансформатор пунктларини ўрнатиш режалаштирилган.

“Оғир маҳалла” дастури доирасида Бекобод туманидаги Қолғонсир, Турон, Пастки Керайит ва Ўрикзор маҳаллаларида электр таъминотини яхшилаш ишлари олиб борилмоқда. Ушбу маҳаллаларда жами 6 та трансформатор, 35,3 километр СИП кабель тармоғи ва 914 та темир-бетон таянч ўрнатилиши белгиланган.
Ҳозирга қадар 4 та трансформатор, 599 та темир-бетон таянч ва 22,8 километр СИП кабель ўрнатилган. “Янги Ўзбекистон қиёфасидаги маҳалла” дастури доирасида Қорақуйли ва Дўстлик маҳаллаларида ҳам электр тармоқларини яхшилаш ишлари амалга оширилмоқда.
– Бекобод туманида электр энергияси таъминоти 9 та подстанция орқали амалга оширилади, – дейди Бекобод тумани электр таъминоти бош муҳандиси Абдураҳим Абдураҳмонов. – Туманда 35 минг 10 нафар истеъмолчи, жумладан, 33 минг 224 нафар аҳоли ва 1 минг 786 та улгуржи истеъмолчи мавжуд. 2026 йил 9 ойи давомида куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида 169,5 километр электр узатиш тармоғи ва 46 та трансформатор пунктини мукаммал таъмирлаш режалаштирилган. Ҳозирга қадар 120,1 километр тармоқ ва 46 та трансформатор пункти таъмирланган. Шунингдек, туманда электр тармоқларини янгилаш, СИП кабель тортиш ва янги таянчлар ўрнатиш ишлари давом этмоқда.
Умуман олганда, куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида амалга оширилаётган ишлар бир-бирини тўлдирувчи бир неча йўналишни қамраб олган. Бу мавжуд тармоқларни таъмирлаш, янги қувватларни ишга тушириш, эскирган инфратузилмани модернизация қилиш, авариявий захираларни яратиш ва тезкор бригадалар фаолиятини кучайтиришдан иборат. Шу нуқтаи назардан, мавсумга тайёргарликнинг олдиндан ва тизимли ташкил этилиши электр таъминотида барқарорликни таъминлашнинг муҳим шартидир.
А.Мусаев,ЎзА