Электр таъминотида қонунийлик ва хавфсизлик назоратда
“Ўзэнергоинспекция” томонидан ҳудудларда назорат тадбирлари изчил давом эттирилмоқда. Бу жараёнда электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланиб, электр тармоқларининг техник ҳолати, энергия самарадорлиги ва энергетика объектларида хавфсизлик талабларига риоя этилиши ҳам ўрганилмоқда.
Хусусан, Сирдарё вилоятининг Сайхунобод туманида ўтказилган назорат тадбирида фуқаро Т. Е. га қарашли корхонанинг электр қурилмалари ўзбошимчалик билан тармоққа уланиб, электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиб келингани аниқланди. Натижада электр таъминоти корхонасига 1 миллиард 145 миллион сўмлик зарар етказилгани маълум бўлди.
Шу каби ҳолат Навоий вилоятининг Нурота туманида ҳам аниқланди. Назорат тадбирида “O. Q.” МЧЖга қарашли сув насослари ҳисоблагичининг уланиш схемаси ўзгартирилиб, электр энергиясидан ноқонуний фойдаланилгани маълум бўлди. Ушбу қоидабузарлик оқибатида электр таъминоти корхонасига 1 миллиард 12 миллион сўмлик зарар етказилган.
– Энергетика соҳасида назорат тадбирларини кучайтириш билан бирга, электр энергиясидан оқилона ва қонуний фойдаланиш, тармоқларни модернизация қилиш ҳамда хавфсизлик талабларига қатъий риоя этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бундай чора-тадбирлар электр таъминоти ишончлилигини ошириш, энергия ресурсларини тежаш ва истеъмолчиларга сифатли хизмат кўрсатишда муҳим аҳамият касб этади, – деди Инспекция ахборот хизмати раҳбари Наврўз Норбобоев.
Мазкур жараёнда энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва сарфни камайтиришга ҳам аҳамият бериляпти. Жумладан, Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида ёқилғи-энергетика ресурсларини кўп истеъмол қилувчи саноат корхоналарида энергия аудитларини ташкил этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Айни пайтда мазкур тоифадаги корхоналарнинг 6 таси энергия аудитини ўтказиш ҳуқуқига эга ваколатли ташкилотлар билан шартномалар расмийлаштирган, тумандаги металл конструкциялари ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхонада эса энергия аудити бошланган.
Энергия самарадорлиги билан бир қаторда, электр тармоқларининг техник ҳолати ва аҳолига электр энергиясини барқарор етказиб бериш масалалари ҳам назоратда. Наманган вилоятининг Давлатобод туманида қурилиш-таъмирлаш ишлари, жумладан, трансформатор пунктларидаги мукаммал таъмирлаш жараёнлари жойига чиққан ҳолда ўрганилди. “Нуробод” МФЙ ҳудудидаги 352-сонли трансформатор пункти мукаммал таъмирланди, эскирган ёғоч устунлар ва электр узатиш кабелларини замонавий темир-бетон устунлар ҳамда SIP русумидаги изоляцияланган кабелларга алмаштириш ишлари бошланди.
Энергетика объектларида хавфсизлик талабларига риоя этилиши ҳам алоҳида эътиборда. Хоразм вилоятининг Урганч туманидаги 5419-сонли трансформатор пунктида таъмирлаш ишларини олиб бораётган бригада хавфсизлик техникаси қоидаларига зид равишда ҳимоя воситаларисиз ишлаётгани аниқланиб, бригада иш жойидан четлаштирилди.
Таъкидлаш керакки, мазкур назорат ва амалий чора-тадбирлар электр энергиясидан ноқонуний фойдаланишнинг олдини олиш, энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш, электр тармоқларининг ишончлилигини ошириш ҳамда энергетика объектларида хавфсиз меҳнат шароитларини таъминлашда жуда муҳим.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА