Электр энергияси ва табиий газ соҳасидаги корхоналар учун тарифлар тасдиқланди
Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг ахборот хизмати маълум қилди.
Унда ёзилишича, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Идоралараро тариф комиссиясининг 2026 йил 15 июль куни бўлиб ўтган 37-сон йиғилишида электр энергияси ва табиий газ соҳасидаги корхоналар ўртасида қўлланиладиган тартибга солинадиган тарифлар тасдиқланди.
Мазкур тарифлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 15 июндаги 337-сон қарори билан тасдиқланган электр энергияси ва табиий газ учун тарифларни шакллантириш тартиби асосида тайёрланган ҳисоб-китоб материаллари асосида кўриб чиқилди.
Комиссия қарорига мувофиқ, нефть-газ тармоғи корхоналари учун табиий газ нархлари ва тарифлари, шунингдек, электр энергиясини ишлаб чиқариш, узатиш, тақсимлаш ҳамда сотиш жараёнларида энергетика соҳаси корхоналари ўртасида қўлланиладиган тарифлар тасдиқланди.
Шунингдек, тасдиқланган тарифлар Ўзбекистон Республикасининг “Рақобат тўғрисида”ги қонунига мувофиқ белгиланган тартибда ёқилғи-энергетика соҳасидаги тегишли корхоналар томонидан эълон қилинади.
Эслатиб ўтамиз, ушбу тарифлар энергетика соҳаси корхоналари ўртасидаги ҳисоб-китобларда қўлланилади. Мазкур қарор билан аҳоли, тадбиркорлик субъектлари ва бошқа якуний истеъмолчилар учун амалдаги электр энергияси ҳамда табиий газнинг чакана тарифларига ўзгартириш киритилмайди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА