Электр энергия пулини вақтида тўлаш зарур
Бош прокуратура ҳузуридаги мажбурий ижро бюросининг Жиззах вилояти бошқармаси томонидан энергия ресурсларидан қарздорлиги учун 2 минг 167 нафар жисмоний ва юридик шахсдан 45 миллиард 372 миллион сўм маблағ ундирилди.
Ёқилғи-энергетика комплексини модернизация қилиш ҳамда технологик қайта жиҳозлаш, энергия ресурслари етказиб бериш ва истеъмол қилиш соҳасида шартнома мажбуриятларига сўзсиз риоя этиш— иқтисодиётнинг барча тармоқларини жадал ривожлантириш, инвестициявий жозибадорлик ва ишбилармонлик фаоллигини ошириш, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳасини кенгайтиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларни самарали амалга оширишнинг муҳим шартларидан бири ҳисобланади.
Маълумки, бу йил қиш анча совуқ бўлганлиги учун энергетика тизими билан боғлиқ муаммолар яққол кўриниб қолди. Хусусан, электр энергияси ва табиий газ етказиб беришда айрим эскирган воситалар истеъмол талаби даражасида эмаслигини англатди. Энергетика тизимларини трансформация қилиш ўз навбатида маблағга бориб тақалади.
Энергия ресурсларидан фойдаланиб, пулини тўлашга келганда “харажатлар рўйхати”нинг охирги қаторига қўядиган шахслар ҳам учраб туради. Бугунги кунда мажбурий ижро бюросининг Жиззах вилояти бошқармаси томонидан энергия ресурсларидан қарз ундирувлар билан боғлиқ ижро ишлари алоҳида назоратга олинган бўлиб, жисмоний ва юридик шахсларга юзага келган қарздорликларини доимий равишда тўлаб бориш, акс ҳолда қонунчиликда назарда тутилган таъсир чоралари кўрилиши мумкинлиги юзасидан мунтазам равишда тушунтириш ишлари олиб борилади.
Бюронинг Жиззах вилояти бошқармаси туман-шаҳар бўлимлари томонидан юридик ва жисмоний шахслардан ижро ҳужжатларига асосан жорий йилнинг 8 феврал кунидан энергия ресурсларидан қарздорлиги учун 2 минг 167 нафар жисмоний ва юридик шахслардан 45 миллиард 372 миллион сўм амалда ундирилган бўлса, 123 та 33 миллиард 259 миллион сўмлик мулк хатланиб, 59 та 29 миллиард 858 миллион сўмлик мулк электрон онлайн савдоларига чиқарилган.
Жумладан, Бюронинг Фориш тумани бўлими иш юритувидаги ижро ҳужжатига асосан қарздор “FARIJ AGRO NURAFSHON” масъулияти чекланган жамияти ҳисобидан электр энергиясидан 95 миллион сўм қарздорлик ҳамда 5 миллион сўм ижро йиғими ундирилган.
Табиий бойликларимизнинг қадрига етиб, ундан фойдалангандан сўнг тўловларини ҳам ўз вақтида тўлаб борилганда, шу каби ортиқча харажатлар ва ҳаракатлар амалга оширилмас эди.
А.ҚАЮМОВ, ЎзА