Элчи: Ўзбекистон – Қатар ҳамкорлиги жадал ривожланмоқда
Қатарнинг “Ал-Ватан”, “Аш-Шарқ” каби қатор етакчи нашрлари Ўзбекистоннинг ушбу араб давлатидаги элчихонаси томонидан юртимиз мустақиллигининг 34 йиллигига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтганини ёритди. Мақолада элчимиз Ашраф Хўжаев икки томонлама муносабат мисли кўрилмаган даражага кўтарилганини таъкидлаган.

2023 йил уч марта олий даражадаги ташриф амалга оширилди, 2024 йил стратегик шериклик тўғрисидаги битим имзоланди, жорий йил август ойида ташқи ишлар вазирлари даражасида Мувофиқлаштирувчи кенгашнинг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди.
Тошкент ва Доҳа ўртасида “Qatar Airways” авиакомпанияси томонидан тўғридан-тўғри ҳаво қатнови йўлга қўйилиши ўзаро туризмни ривожлантириш, товар айирбошлашни кенгайтириш, иқтисодий алоқани мустаҳкамлаш, икки дўст халқ мулоқотини чуқурлаштиришга хизмат қилади.

Тадбирда Қатар Атроф-муҳит ва иқлим ўзгариши, Ташқи ишлар вазирликлари, Миллий кутубхона, Протокол департаменти раҳбарлари, шунингдек бир неча давлат элчилари, дипломатик миссиялар вакиллари иштирок этган.
М.Пирматова, ЎзА