Экзотик илон ҳайвонот боғига топширилди
Табиат жонкуярлари Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 5 ноябрдаги “Ёввойи ҳайвонларни сақлаш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Сурхондарё вилоятида ўрганиш олиб бораётганида Ангор туманида экзотик илонни қонунга зид сақлаб келаётган шахсни аниқлади.
Вилоят экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармасидан маълум қилишларича, Маданият маҳалласида яшайдиган Ж.Тошниёзов йирик бўғма илонлар оиласига мансуб, чамаси 10-15 ёшлардаги урғочи йўлбарс питонни хонадонида сақлаб, кўнгилочар тадбирлар уюштириш ва цирк томошаларида фойдаланиб келган.
Экзотик илон ихтиёрий равишда Термиз ҳайвонот боғига топширилди. Бу ерда мутахассислар ноёб жониворни белгиланган тартибда карантинга олди.


Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири