Экстремизм учун жавобгарлик чоралари ўзгарди
“Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига экстремизмга қарши курашиш самарадорлигини оширишга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун Президент томонидан имзоланди.
Унга кўра, қонун ҳужжатларидаги “диний экстремизм” сўзлари “экстремизм” сўзи билан алмаштирилиб, “Экстремизм” тушунчасига таъриф берилди.
Экстремистик, сепаратистик ва ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган материалларни тайёрлаш ёки тарқатиш мақсадида сақлаш, шунингдек, экстремистик, террорчилик ташкилотларининг атрибутларини ёки рамзий белгиларини тарқатиш ёхуд намойиш этиш мақсадида тайёрлаш, сақлаш учун фуқароларга БҲМнинг 50 бараваридан 100 бараваригача (22-44 млн. сўм), мансабдор шахсларга 100 бараваридан 150 бараваригача (44-66 млн. сўм) жарима ёки 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси белгиланди.
Шунингдек, экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотларда иштирок этиш 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Экстремистик ташкилотлар, материаллар (манбалар)нинг электрон реестри юритилади. Реестр Адлия вазирлигининг расмий веб-сайтига жойлаштирилади ва ҳамма танишиб чиқиши учун очиқ ҳисобланади.
М.Комилова, ЎзА