Шаҳарсозлик – тараққиёт кўзгуси: Янги Ўзбекистоннинг бунёдкорлик солномаси
Мамлакатимизда амалга оширилаётган яратувчанлик ишлари Амир Темурнинг “Агар бизнинг куч-қудратимизга шак-шубҳа қилсанг, биз қурган иморатларга боқ!” деган ҳикматли сўзларини ёдга солади. Ҳа, ўтмишимиздан, маданиятимиздан, куч-қудратимиздан далолат берадиган, авлодлардан авлодларга ўтиб турадиган неъматлардан бири бунёдкорликдир
Очиғи, ҳар бир муваффақиятни кўрганимизда таққослашга ҳаракат қиламиз. Ўтмишга назар ташлайлик. Ҳозирги ёшлар бундан қирқ-эллик йил аввал шаҳар ва қишлоқларимиз қандай аҳволда бўлганлигини тасаввур ҳам қилолмаслиги мумкин.
Ўтган даврларда, ҳатто, айрим тарихий ва маданий ёдгорликлар турли хўжалик мақсадларида фойдаланилган ҳолатлар ҳам кузатилган. Уй-жой олиш масаласи ҳам осон кечмаган. Уй-жой олишга йиллаб навбатда турган, мўъжазгина бошпана учун қанчалаб мансабдорлар ортидан югуришлар кўп бўлган. Мактабларнинг аксарияти хом ғишт ва пахсадан, зах тортиб кетган.

Мустақиллик мамлакатимиз тараққиёти учун янги имкониятлар эшигини очди. Ўзбекистон йил сайин тараққиёт сари юз тутди. Аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш, миллий меъморий меросни асраш ва замонавий инфратузилмани ривожлантириш давлат сиёсатида муҳим ўрин эгаллай бошлади.
Замонавий инфратузилма – инсон қадри учун
Мамлакатимизнинг шаҳарсозлик амалиётига ўтган ўн йил мисолида қарайдиган бўлсак, барча жабҳалар сингари қурилиш, уй-жой сиёсати ва урбанизация соҳаларида ҳам кенг кўламли ютуқлар қўлга киритилаётганлиги эътиборга молик.

Айниқса, аҳолини уй-жой билан таъминлашнинг янги механизмлари жорий қилинди, замонавий шаҳарсозлик лойиҳаларига йўл очилди. Бугунга қадар кўплаб турар жой мажмуалари, ижтимоий объектлар, йўллар ва муҳандислик инфратузилмаси барпо этилди ва бу ишлар қизғин давом этмоқда.
Бу билан, аҳоли учун муносиб яшаш, меҳнат қилиш, таълим олиш, дам олиш ва ўз салоҳиятини рўёбга чиқаришга бўлган ижтимоий макон яратилмоқда. Шу нуқтаи назардан, жараёнларга аввало, давлат тараққиётининг муҳим стратегик йўналишларидан бири сифатида қаралмоқда.
Бунёдкорлик кўлами – кўнгилларда
Янги уй-жойлар қурилиши билан бирга, уларнинг атрофида мактаблар, мактабгача таълим ташкилотлари, савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари, йўллар, ичимлик суви, электр энергияси ва бошқа муҳандислик тармоқлари ҳам ривожланмоқда. Чунончи, замонавий шаҳар муҳити фақат хонадоннинг ичида эмас, балки инсон ҳар куни фойдаланадиган бутун маконда намоён бўлади.

Аҳолининг уй-жойга бўлган эҳтиёжини қондириш борасидаги саъй-ҳаракатлар ортида янги хонадонларга кўчиб кирган минглаб оилалар бор. Уларда ўз мустақил ҳаётини бошлаган ёшлар, фарзандларини муносиб шароитда вояга етказиш имкониятига эга бўлган ота-оналарнинг ҳаёти, қадр-қиммати, кўнгилларида ўзига сиғмас қувончи бор.
“Янги Ўзбекистон” массивлари: тараққиётнинг янги даври
Мамлакатнинг шаҳарсозлик манзарасида “Янги Ўзбекистон” массивлари алоҳида ўрин эгалламоқда. Бундай лойиҳалар орқали турар жойлар билан бир қаторда ҳудудларнинг ижтимоий ва муҳандислик инфратузилмасини ҳам янгилаш имконияти пайдо бўлмоқда.

Шаҳарсозлик фақат пойтахт ёки йирик шаҳарлар доирасида эмас, балки туманлар ва маҳаллаларда ҳам жадал ривожланмоқда. Қорақалпоғистондаги “Nukus City”, Андижондаги “Шаҳрихон”, Намангандаги “Поп”, Фарғонадаги “Боғдод”, Жиззахдаги “Дўстлик”, Қашқадарёдаги “Яккабоғ” (“Мурувват”), Самарқанддаги “Ургут”, Навоийдаги “Қизилтепа”, Сурхондарёдаги “Термиз”, Хоразмдаги “Гурлан” каби массивлар шулар жумласидандир.
Бундай шаҳристонлар яратилиши, инсоннинг муносиб шароитда яшаши учун доимо йирик шаҳарга кўчиб кетишга мажбур бўлмайдиган муҳитни шакллантиришга қаратилган.
Умумхалқ фаровонлиги йўлида умуммиллий иншоотлар
Маданият ва ҳордиқ паркларидан бири, 104 гектарлик майдонда жойлашган – Янги Ўзбекистон парки ва Мустақиллик монументи мамлакатимиз куч-қуддати тимсолидир.

Шунингдек, Tashkent City ва Tashkent City Park – пойтахт марказидаги замонавий ишбилармонлик ва ҳордиқ маскани сифатида қад кўтарди. Йирик оилавий кўнгилочар мажмуалар – Tashkent City Mall, Magic City парки аҳоли ва меҳмонлар ташриф буюрадиган масканлардан бирига айланди.
Тошкент метрополитенининг янги йўналишлари, жумладан, Ер усти ҳалқа метро йўналиши ҳам шу йилларда умумхалқ фойдаланувига топширилган салмоқли объектлар қаторида туради.
Фақат ва фақат инсон учун, инсоннинг бахту саодати учун хизмат қиладиган бу каби иншоотлар халқимиз ҳаётида туб янгиланишлар, ўзгаришлар бўлаётганлигидан далолат беради.
Спорт – нафақат куч-қудрат тимсоли
Ҳа, спорт нафақат куч-қудрат тимсоли, инсон саломатлигининг муҳим омили ҳамдир. Шу мақсадда, 100 гектар майдон узра бир неча спорт иншоотларини ўз бағрига олиб қад кўтарган “Олимпия шаҳарчаси” замонавий спорт кластерларидан бири сифатида намоён бўлди. Унинг таркибида 12 минг томошабинга мўлжалланган Марказий олимпия стадиони, ёпиқ велодром ва 50 метрлик бассейнга эга Сув спорти саройи каби йирик иншоотлар мавжуд.

Қолаверса, 12 500 дан ортиқ томошабинга мўлжалланган кўп тармоқли – Humo Arena муз саройи ҳам бир неча йилдирки спорт ва дам олиш маскани сифатида фаолият кўрсатмоқда, халқаро турнирларга мезбонлик қилмоқда.
Йирик лойиҳалар ортида орзулар рўёби
Таркибига 8 та замонавий меҳмонхона, конгресс-холл, сунъий кўл ҳамда эски шаҳар руҳидаги “Боқий шаҳар” тарихий-этнографик мажмуаси кирадиган 210 гектар майдонда жойлашган йирик туристик мажмуа – Silk Road Samarkand, очиқ китоб шаклида лойиҳалаштирилган, минтақадаги замонавий аэропорт терминалларидан бири – Самарқанд халқаро аэропортининг янги терминали бугунги кунда нафақат самарқандликлар, ҳар куни юзлаб юртдошларимиз ва хорижликларни қабул қилмоқда.

Замонавий канат йўлларига эга тоғ курорти – Амирсой (Amirsoy) тоғ-чанғи курорти каби масканлар йил давомида одамлар билан гавжум. “Янги Наманган”, “Янги Андижон”, “Margilan City” каби йирик йўлдош шаҳарчалар ва маданий-маиший мажмуалар нафақат халқимиз, хорижий меҳмонларнинг ҳам эътирофига сазовор бўлмоқда.
Янги Тошкент – ақлли шаҳар
Янги Тошкент – келажак шаҳарсозлигининг йирик лойиҳасидир. Унинг замирида замонавий турар жойлар, университетлар, кутубхона ва амфитеатрлар, дам олиш масканлари, кўкаламзорлар, боғу бўстонлар барпо этилмоқда. Шу йил 12 октябрда Янги Тошкентда умумий қиймати бир миллиард доллар бўлган еттита объект фойдаланишга топширилди. Улар орасида икки минг ўринли умумтаълим мактаби ҳам бор.

Лойиҳанинг эътиборга молик жиҳатларидан бири – яшил ҳудудлар ва замонавий муҳандислик ечимларига алоҳида аҳамият берилаётганидир. Ақлли шаҳарда икки минг гектар яшил майдон ва 500 гектар истироҳат боғларини ташкил этиш режалаштирилган. Шунингдек, пиёдалар ва велосипед йўлаклари, энергия таъминоти, сув ва канализация тармоқларини ривожлантириш бўйича ишлар амалга оширилмоқда.
Янги Тошкентнинг аҳамияти унинг кўлами билангина белгиланмайди. У турар жойлар, таълим, хизмат кўрсатиш, транспорт ва яшил маконларни ўзаро боғлиқ тизим сифатида шакллантириш имкониятини намоён этади.
Шу боис, Янги Тошкентни ривожлантиришда ҳам иқтисодий самарадорлик, ижтимоий манфаатлар ва экологик барқарорлик ўртасидаги мувозанат муҳим аҳамиятга эга. Қачонки, табиатга бўлган эътибор шаҳарсозликнинг бош мезонига айланса, у ерда экологик маданият ва умумий гўзаллик барқарор бўлади.
Тарихий мерос ва замонавийлик уйғунлиги
Ўзбекистон шаҳарлари асрлар давомида шаклланган бой меъморий меросга эга. Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз, Қўқон, Каттақўрғон, Кеш ва бошқа тарихий шаҳарларимиз миллий меъморчилик анъаналари, маданият ва цивилизация тараққиётининг ноёб намуналаридир.
Шунинг учун бугунги шаҳарсозлик сиёсати олдида икки муҳим вазифа турибди: бир томондан, замонавий уй-жойлар, транспорт ва ижтимоий инфратузилмага бўлган эҳтиёжни қондириш; иккинчи томондан, тарихий муҳит, маданий мерос ва шаҳарларнинг ўзига хос қиёфасини асраб-авайлаш.
Инчунун, янги қурилишлар – тарихий бинолар, анъанавий маҳаллалар ва маданий ёдгорликлар билан уйғунлашгандагина шаҳарнинг ҳақиқий қиймати сақланади. Меъморий тараққиёт ўтмишни инкор этиш эмас, балки бой маданий мерос, илмий салоҳият ва замонавий технологиялар ҳамда миллий қадриятлар инъикосидир.

Яқинда давлатимиз раҳбарининг “Бу Тошкент шаҳри эмас, бу Самарқанд эмас, бу Андижон эмас! Бу Қамашининг “Чим” маҳалласи!“ деган қалб сўзлари жаранглади. Бугун бунёдкорлик маҳаллаларга ҳам кириб борди. Албатта, маҳалланинг ривожи – мамлакатнинг ютуғидир.
Имом Бухорий мажмуаси – маърифат ва юксалиш рамзи
Самарқанд вилоятида буюк муҳаддис Имом Бухорий мақбараси ва унинг атрофида амалга оширилган янги мажмуа ҳам йирик меъморий ва ободонлаштириш лойиҳаларидан бири сифатида эътирофга тушган.
Расмий маълумотларга кўра, мажмуа ҳудуди 45 гектарни ташкил этади. Бу ерда 10 минг намозхонга мўлжалланган масжид, мақбара, маъмурий бино, музей ва бошқа иншоотлар барпо этилган. Баландлиги 75 метр бўлган тўртта минора меъморий ансамблнинг салобатини янада оширади.

Мажмуа атрофида маҳаллий аҳоли, сайёҳлар ва зиёратчилар учун зарур шароитларни шакллантиришга эътибор қаратилган.
Ҳа, Имом Бухорий мажмуаси нафақат зиёрат маскани, балки илм-маърифат, маънавий тарбия ва тарихий хотирани асрашга хизмат қилувчи марказ сифатида ривожланмоқда.
Ислом цивилизациясининг энг йирик музейи
Пойтахт шаҳрида барпо этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳам миллий тарих ва замонавий меъморчиликни уйғунлаштиришга қаратилган йирик лойиҳалардан бири, десак муболаға бўлмайди.
Марказни ташкил этиш ғояси 2017 йилда илгари сурилган бўлиб, унинг тамал тоши 2018 йилда қўйилган. Тошкентнинг машҳур ҳазрати имом мажмуаси ҳудудидаги 10 гектар майдонда барпо этилган мажмуа 2026 йилнинг 17 март кунида расман очилди.

Бино уч қаватдан иборат бўлиб, узунлиги 161 метр, эни 118 метрни ташкил этади. Бу улкан мажмуа гумбазининг баландлиги 65 метрдан, фойдали майдони 42 минг квадрат метрдан иборат. Ўзида миллий меъморчилик анъаналари, нақшлар ва замонавий муҳандислик ечимларини мужассам этган ушбу ақлли мажмуага баланд пештоқлари ва марказий гумбази янада гўзал меъморий қиёфа бағишлайди.
Ислом цивилизацияси маркази “Янги Ўзбекистон”нинг ўзига хос платформаси сифатида илмий салоҳият, бой маданий мерос, замонавий технологиялар ва сунъий интеллектни ягона маконда уйғунлаштирган.
Унда халқимизнинг кўп асрлик тарихи, буюк алломаларимизнинг илмий мероси ва жаҳон цивилизацияси тараққиётига қўшган ҳиссасини ўрганиш ҳамда кенг тарғиб этиш имконияти яратилган.
Бу ерда тарихий қўлёзмалар, ноёб экспонатлар ва замонавий ахборот технологиялари воситасида ўтмиш билан бугун ўртасида маънавий кўприк, мулоқотлар майдони мужассамлашганлигини кўриш мумкин.
Марказ 2026 йил 13 апрелда “Ислом цивилизациясининг энг йирик музейи” номинацияси бўйича Guinness World Records эътирофига сазовор бўлди. Марказнинг халқаро рекорд сифатида эътироф этилиши унинг меъморий кўлами, шу билан бирга ислом цивилизацияси тарихи, аждодларимизнинг илмий мероси ва маърифат анъаналарини жаҳонга танитиш имкониятлари билан ҳам аҳамиятлидир.
Экологик барқарорлик – замонавий шаҳарсозлик мезони
Шаҳар қанчалик замонавий бинолар билан бойимасин, агар унда тоза ҳаво, дарахтлар, соя-салқин йўлаклар, болалар майдончалари ва дам олиш масканлари етарли бўлмаса, уни мукаммал шаҳар деб бўлмайди.
Ўзбекистонда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси ва экологик барқарорликка қаратилган чора-тадбирлар шаҳар муҳитини яхшилашда муҳим аҳамиятга эга. Мамлакатимизда 2030 йилгача барча шаҳарларда яшиллик даражасини 30 фоизга етказиш, шунингдек, мастер-режалар асосида қишлоқ ва маҳаллаларга шаҳарларга хос шароитларни олиб кириш мақсадлари белгиланган.
Маълумки, жаҳонда кечаётган глобал чўллашув, иқлим ўзгариши, ҳаво ифлосланиши, транспорт тирбандлиги бугунги кунда мамлакатимизда яшил ҳудудларни сақлаш ва кенгайтириш масалалари шаҳарсозликнинг муҳим йўналишларига айланишини талаб этади.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, юртимизда яратилган кўкаламзорларни, экилган манзарали ва мевали дарахтларни сақлаш, ўз вақтида суғориш ва парваришлаш ниҳоятда муҳим вазифа – ватанпарварликдир.
Ҳамма нарса инсон учун, унинг саломатлиги учун
Тошкент шаҳар ҳокимлигининг 2026 йилда 100 та санитария-гигиена шохобчасини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи Президентнинг “Тошкент шаҳрини 2026-2027 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан маъқулланди.
Ушбу лойиҳа пойтахт аҳолиси, сайёҳлар ва бошқа меҳмонлар учун муносиб санитария-гигиена шароитларини таъминлашга, инсонларнинг табиий эҳтиёжларини қондириш, соғлиғини асрашга қаратилган.
Энг муҳими, бундай шохобчалар, айниқса, жамоат транспорти бекатлари, бозорлар, истироҳат боғлари, туристик масканлар ва аҳоли гавжум ҳудудларда ҳаётий зарурат. Инчунун, замонавий шаҳар – ҳар бир инсон ўзини қадрли ҳис қиладиган ва энг муҳими юқори маданиятга асосланган муҳитдир.
Хулоса ўрнида
Бу мисоллар сўнгги йилларда Ўзбекистонда қурилиш соҳасини ислоҳ қилиш ҳамда замонавий шаҳарсозлик лойиҳаларини амалга ошириш борасидаги салмоқли ишларнинг бир қисмидир.
Энг муҳими, яратилган шароитлар одамлар ҳаётида ўзининг амалий ифодасини топиши ва аҳоли томонидан қадрланиши керак. Зеро, шаҳарсозликнинг энг олий мақсади – инсон учун муносиб ҳаёт муҳитини яратиш.
Абдукамол РАҲМОНОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши
раисининг ўринбосари.
ЎзА