Экспортга йўл очаётган имкониятлар
Тошкент вилояти божхона бошқармаси мутахассислари Зангиота туманида фаолият юритаётган “Mos Pekar” корхонасида бўлиб, ишлаб чиқариш жараёнлари ҳамда ташқи иқтисодий фаолияти билан яқиндан танишди.
Жараёнда корхона раҳбарияти ва мутахассислари билан очиқ мулоқот ўтказилиб, ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари учун яратилаётган қулай шарт-шароитлар, божхона тартиб-таомилларини янада соддалаштириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда экспорт салоҳиятини оширишга қаратилган имкониятлар юзасидан атрофлича тушунтиришлар берилди.
Мулоқотда Президентимизнинг 2025 йил 17 декабрдаги “Божхона маъмуриятчилиги ва ташқи савдо тартиботларини янада соддалаштириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан белгиланган вазифаларга алоҳида эътибор қаратилди. Унга кўра, 2027 йил 1 мартга қадар тайёр маҳсулотларга нисбатан тариф инверсияси мавжуд бўлган товарлар рўйхатини шакллантириш ҳамда ушбу маҳсулотларни ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган хомашё ва материалларни “божхона ҳудудида қайта ишлаш” режими асосида олиб киришни рағбатлантириш чоралари амалга оширилмоқда.

Мазкур имкониятлардан самарали фойдаланаётган “Mos Pekar” корхонасига унли қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқариш учун зарур бўлган импорт хомашёларини “божхона ҳудудида қайта ишлаш” режимига жойлаштиришга рухсат берилган. Бу эса корхонага ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, маҳсулот таннархини оптималлаштириш ва ташқи бозорларда рақобатбардошлигини кучайтириш имконини бермоқда. Мутахассислар маълум қилишича, корхона жорий йилнинг ўзида қиймати 100 минг АҚШ долларидан ортиқ бўлган, умумий оғирлиги 16 тоннани ташкил этувчи импорт хомашёларни мазкур божхона режими асосида расмийлаштирган. Натижада ишлаб чиқариш жараёнларини узлуксиз таъминлаш ва экспортбоп маҳсулотлар ҳажмини кўпайтириш учун қўшимча имкониятлар яратилган.
Жараёнда тадбиркорларнинг мурожаат ва таклифлари ҳам тингланиб, уларни қийнаётган масалаларни тезкор ҳал этиш, ташқи иқтисодий фаолиятни янада ривожлантириш ҳамда ишлаб чиқариш кўламларини кенгайтириш бўйича амалий тавсиялар берилди.

Умуман олганда, божхона органлари томонидан тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришни рағбатлантириш ва маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун янада қулай муҳит яратиш борасидаги ишлар изчил давом эттирилмоқда. Бу каби учрашувлар эса бизнес ва давлат идоралари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, тадбиркорларнинг муаммоларини жойида ҳал этиш ҳамда иқтисодий фаолликни оширишга хизмат қилмоқда.
А.Мусаев, ЎзА