Экспорт салоҳиятини ошириш ва халқаро стандартларни жорий этиш масалалари муҳокама қилинди
Бугун жаҳон бозорида маҳсулотнинг рақобатбардошлиги нафақат унинг нархи ва сифати, балки халқаро стандартларга мувофиқлиги, хавфсизлиги ва белгиланган техник талабларга жавоб бериши билан ҳам белгиланмоқда.
Самарқанд вилоятида фаолият юритаётган тадбиркор ва саноат корхоналари учун бу талаблар янги экспорт бозорларига чиқишда муҳим омилга айланмоқда.
Шу мақсадда Самарқанд вилояти ҳокимлиги ҳамда Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ҳамкорлигида тадбиркорлар, саноат корхоналари ва экспортёрлар иштирокида очиқ мулоқот ташкил этилди. Унда экспорт салоҳиятини ошириш, халқаро стандартларни ишлаб чиқаришга жорий этиш, сертификатлаштириш, метрология, маҳсулотларни ёрлиқлаш ҳамда Европа бозорларига чиқиш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.
Бугунги кунда вилоятда 5 443 та саноат корхонаси фаолият юритмоқда. Уларнинг 478 таси экспортёр корхоналар ҳисобланади. 2026 йилнинг январь–июль ойларида эса 553 та экспортёр корхона томонидан дунёнинг 79 та давлатига 783,03 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинган. Бу кўрсаткичлар вилоятда ишлаб чиқариш ва экспорт имкониятлари кенгайиб бораётганини кўрсатади. Шу билан бирга, ташқи бозорларда мустаҳкам ўрин эгаллаш учун маҳсулотларни халқаро талаблар асосида ишлаб чиқариш ва сертификатлаштириш муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ҳудуддаги саноат корхоналарининг мавжуд ҳолатини ўрганиш ва уларга амалий кўмак кўрсатиш мақсадида 3 532 та корхонада жойига чиққан ҳолда ўрганиш ишлари олиб борилди. Натижада 276 та корхонага амалий ёрдам кўрсатилди. Кўмаклар халқаро сертификатлаштириш, стандартлаштириш, метрология, маҳсулотларни ёрлиқлаш ва синовдан ўтказиш каби йўналишларни қамраб олди. Бундай ишларнинг амалий натижасини вилоятдаги айрим корхоналар мисолида ҳам кўриш мумкин.
Масалан, «Sam Rafoat Tekstil» МЧЖда Oeko-Tex ва ISO 9001 халқаро стандартлари жорий этилган. Натижада корхонанинг экспорт ҳажми 6,4 миллион доллардан 6,6 миллион долларга етган. Бугунги кунда корхона Озарбайжон, Беларусь, Болгария, Қозоғистон, Молдова, Россия, АҚШ, Украина ва Япония каби давлатларга маҳсулот экспорт қилмоқда.
Яна бир мисол — «Sam-Ferre» МЧЖ. Корхонада ISO 9001, ISO 14001, ISO 50001 ва ISO 45001 халқаро стандартлари жорий этилиши натижасида Грузия, Афғонистон ва Сурия бозорларига экспорт йўлга қўйилган. Айни пайтда корхонада ишлаб чиқарилаётган витринали совутгичларнинг уч хил модели учун CЕ маркировкасини жорий этиш мақсадида Чехияда синов ишлари олиб борилмоқда. Бу эса маҳсулотларнинг халқаро, хусусан, Европа бозорларига чиқиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.

Очиқ мулоқот давомида тадбиркор ва экспортёрларнинг таклиф ҳамда мурожаатлари ҳам тингланди. Уларнинг маҳсулотларни халқаро талабларга мувофиқлаштириш, техник тўсиқларни бартараф этиш, сертификатлаштириш жараёнларини такомиллаштириш ва экспорт географиясини кенгайтириш билан боғлиқ масалаларига амалий тавсиялар берилди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, корхоналарда халқаро стандартларнинг жорий этилиши нафақат маҳсулот сифатини яхшилаш, балки янги ташқи бозорларга кириш учун зарур талабларни бажариш имконини ҳам беради.
Самарқандда бу борадаги ҳамкорликнинг давом эттирилиши маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг рақобатбардошлигини ошириш, маҳсулотларнинг халқаро талабларга мослигини таъминлаш ва экспорт географиясини кенгайтиришга хизмат қилиши кўзда тутилган.
Ҳамроз Баёнов,ЎзА