Экспертлар аҳоли билан учрашувлар ўтказмоқда
Андижон шаҳрида иссиқлик тармоғини модернизация ва реконструкция қилиш ишлари бўйича аҳоли билан учрашувлар ўтказилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 12 апрелдаги “Андижон, Чирчиқ, Бухоро, Самарқанд ва Тошкент (ТЦ-8) шаҳарларида марказлаштирилгавн иссиқлик таъминоти тизимини реконструкция қилиш ва энергия самарадорлигини ошириш” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, 2019-2023 йиллар мобайнида “Жаҳон банки”нинг маблағлари эвазига Андижон шаҳридаги РК-2 Марказий қозонхонаси реконструкция қилиниб, шаҳарнинг 1-, 2-, 3-, 4- ва 5-кичик даҳалари, шунингдек, Машраб кўчасидаги, жами 271 та кўп қаватли уйга ва 32 та ижтимоий соҳа объектига иссиқлик энергияси ҳамда иссиқ сув етказиб бериш кўзда тутилган.
Бугунги кунда мазкур лойиҳа доирасида ишлар бошлаб юборилган. Хусусан, «Келажак сари ривожи» консалтинг маркази экспертлари томонидан лойиҳани амалга ошириш юзасидан Андижон шаҳридаги кўп қаватли уйларда яшовчи аҳоли билан учрашувлар ўтказилиб, тушунтириш-тарғибот ишлари олиб борилмоқда.
Умумий қиймати 220,7 миллион АҚШ долларига тенг мазкур лойиҳа доирасида белгиланган ҳудудлардаги марказий қозонхоналар, иссиқлик тизимлари ва тармоқларини реконструкция ва модернизация қилиш ишлари Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузуридаги «Коммунхизмат» агентлиги томонидан амалга оширилиши белгиланган.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, Андижон шаҳар “Иссиқлик манбаи” корхонасини модернизация қилиш, янги, илғор, энергиятежамкор технологиялар асосида иссиқлик ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, иситиш тизими трубаларини кўп қаватли уйларгача бўлган қисмини янгисига алмаштириш, аҳолини иссиқлик ва иссиқ сув билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш билан боғлиқ қатор ишлар амалга оширилади. Лойиҳанинг амалга оширилиши, кўп қаватли уйларда яшовчи аҳолига қулайликлар яратиш билан бирга, уйларни иситишга сарфланаётган электр энергияси ва табиий газни тежаш, ана шу мақсад учун аҳоли томонидан сарфланаётган маблағни камайтириш имконини беради.
– Андижон шаҳридаги кўп қаватли уйлар марказлашган ҳолда иссиқлик ҳамда иссиқ сув билан таъминланмай қўйилганига кўп йиллар бўлди, – дейди Андижон шаҳридаги “Баркамол” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Табассумхон Исроилова. – Лойиҳа амалга оширилиб уйларни иссиқлик ва иссиқ сув билан таъминлаш йўлга қўйилса, аҳолига катта қулайлик яратилади. Энг асосийси, хавсиз, арзон, қулай иситиш тизимдан фойдаланиш одамларнинг оғирини енгил қилади.
Кўп қаватли уйлларга хизмат кўрсатувчи ширкатлар раҳбарлари, маҳалла фаоллари, фахрийлар иштирокида ўтказилган учрашувда мутахассислар лойиҳа доирасида амалга ошириладиган ишлар, лойиҳанинг аҳамияти, афзалликлари хусусида кенг тушунча ва маълумотлар берди.
Ф.Убайдуллаев, ЎзА