Эксперт: “Украиналикларни янги иқтисодий таназзул кутмоқда”
Украина иқтисодий тараққиёт институти раҳбари Александр Гончаровнинг баёнотига қараганда, украиналикларни янги иқтисодий таназзул кутмоқда.
У “Главред”га берган интервьюсида шундай фикр билдирди, деб хабар қилади “РИА Новости”.
Иқтисодчининг фикрича, яқинлашиб келаётган қиш мавсуми украиналиклар учун мустақиллик йилларидаги энг мураккаб мавсум бўлади.
“Ҳаммага маълум, вазирлар маҳкамасининг иқтисодий соҳа масъуллари янги таҳдидлар бўйича ўз ишини уддалай олмаяпти”, деди у.
Институт директорининг қўшимча қилишича, муаммо Европадан газ келтириш миқдори камайгани, шунингдек, мамлакат иссиқлик электр станцияларидаги кўмир тақчиллиги билан боғлиқ.
2021 йилнинг ноябр ҳолатида омборларда 542 минг тонна кўмир йиғилган, мамлакат эҳтиёжи учун эса уч миллион тонна кўмир керак.