Экопартия акцияси кенг қулоч ёймоқда
Ўзбекистон Экологик партияси марказий кенгаши раиси Нарзулло Обломуродов бошчилигида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Жиззах вилоятига ташриф буюрди.
Жиззах шаҳар ҳокими Комил Холмуродов ҳамроҳлигида шаҳардаги 34 маҳаллада амалга оширилган ободонлаштириш-кўкаламзорлаштириш ҳамда бунёдкорлик ишлари билан яқиндан танишди. Маҳаллий аҳоли вакиллари, мутасаддилар билан бўлиб ўтган очиқ мулоқотлар чоғида Экопартия раҳбари давлатимиз раҳбари томонидан мамлакатимизда аҳоли фаровонлигини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар, партиянинг асосий устувор мақсад ва вазифалари хусусида маълумот бериб, аҳолининг экологик саводхонлигини, масъулиятини оширишга қаратилган амалий тадбирларни кўпайтириш, ҳар бир инсон экологик барқарорликни таъминлашга ўз ҳиссасини қўшиши лозимлигини таъкидлади.
Экопартия ташаббуси билан маҳаллаларда жамоатчилик иштирокида ҳашарлар ташкил этилиб, турар жой бинолари атрофлари тартибга келтирилиб, ободонлаштирилди. Йўлаклар, ариқлар чиқиндилардан тозаланди, пиёдалар йўлакларида таъмирлаш ишлари олиб борилди. Дарахт ва гул кўчатлари экилиб, мавжудларига шакл берилди. Шунингдек, сув чиқариш ишлари ташкил этилиб, аҳоли ўртасида атроф-муҳит мусаффолигининг, тозалик ва покликнинг инсон саломатлигини асрашдаги ўрни ва роли хусусида тушунтириш ишлари амалга оширилди.
Шундан сўнг раҳбарлар, депутатлар шахсий намуна кўрсатиб “Обод” маҳалласи ҳудудида жойлашган “Хотира хиёбони” ҳудудидан оқиб ўтувчи ариқларни тозалаш ишларида қатнашди. Акция доирасида бир неча йиллар давомида эътибордан четда қолган ариқни тупроқлардан тозалаш ишлари амалга оширилди.
Эътиборлиси, ушбу ташаббус жиззахликлар томонидан мамнуният билан қарши олиниб, бошланган хайрли иш уюшқоқлик билан давом эттирилмоқда.