Эконометрик таҳлил: хотин-қизлар иқтисодий фаоллигини қайси омиллар белгилайди?
“Оила ва гендер” илмий-тадқиқот институти томонидан жорий йилнинг февраль-июнь ойларида Ўзбекистонда хотин-қизларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш механизмларини такомиллаштиришга қаратилган комплекс тадқиқот ўтказилди.
Ушбу институт ахборот хизмати маълумотларига кўра, тадқиқот доирасида ўтказилган эконометрик таҳлил урбанизация даражаси, хизматлар соҳасининг ривожланиши ва ишсизлик кўрсаткичи хотин-қизларнинг иқтисодий фаоллиги билан статистик жиҳатдан аҳамиятли боғлиқ эканлигини кўрсатди.
Таҳлил натижаларига кўра, урбанизация даражасининг 1,0 фоизга ортиши хотин-қизлар иқтисодий фаоллик даражасининг 1,95 фоизга ошиши билан боғлиқ. Шунингдек, хизматлар соҳасининг 1,0 фоизга кенгайиши хотин-қизлар иқтисодий фаоллик даражасининг 17,7 фоизга ошишига ижобий таъсир кўрсатади. Ишсизлик даражасининг 1,0 фоизга ортиши эса хотин-қизлар иқтисодий фаоллигининг 2,5 фоизга пасайиши билан боғлиқ.
Ушбу натижалар хотин-қизлар бандлигини оширишни фақат алоҳида ижтимоий лойиҳалар доирасида ҳал этиб бўлмаслигини кўрсатади. Барқарор ва узоқ муддатли натижага эришиш учун шаҳар ва қишлоқ инфратузилмасини комплекс ривожлантириш, хизматлар соҳасида барқарор, муносиб ҳақ тўланадиган ва касбий ўсиш имконини берувчи иш ўринларини кўпайтириш, шунингдек, ишсизликни қисқартиришга қаратилган тизимли иқтисодий сиёсатни амалга ошириш зарур. Айнан шундай ёндашув хотин-қизларнинг меҳнат бозоридаги иштирокини кенгайтириш, уларнинг даромад манбаларини барқарорлаштириш ва иқтисодий мустақиллигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Н.Усмонова, ЎзА