Экологик партиядан номзоднинг Сайловолди дастури
Партия съездида Ўзбекистон Экологик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзоднинг Сайловолди дастури муҳокама қилинди.
Сайловолди дастурида қуйидаги асосий йўналишлар белгиланди:
– “яшил” иқтисодиёт тамойиллари асосида мамлакатни жадал ривожлантиришга йўналтирилган сиёсатни юритиш;
– аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш қамровини кенгайтириш, оқова сувларни тозалаш иншоотларини модернизация қилиш ҳамда янгиларни қуриш чоралари кўриш;
– чиқиндиларни қайта ишлашга қаратилган давлат сиёсатини кучайтириш;
– иқлим ўзгаришларига мослашиш, Орол фожиаси оқибатларини юмшатиш ва Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудудига айлантириш;
– атмосферага ташланмаларни камайтириш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш;
– жамиятда юксак экологик маданиятни шакллантириш, она табиатни, жумладан, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини асраб-авайлаш, уларга нисбатан эҳтиёткорона муносабатда бўлиш ҳиссини кучайтириш;
– глобал ва трансчегаравий экологик муаммоларни ҳал қилишда хорижий давлатлар, авваламбор Марказий Осиё давлатлари билан ҳар томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш.
[gallery-3618]
Делегатлар номзоднинг Сайловолди дастурида партиянинг устувор вазифалари партиянинг туман, шаҳар ва, шунингдек, ҳудудий ташкилотлари ҳамда фаоллари томонидан берилган таклифлар ўз ифодасини топганини эътироф этишди.
Съезд кун тартибидаги бошқа масалалар бўйича ҳудудий партия ташкилотлари раҳбарлари олдига тегишли вазифалар қўйилди. Партиянинг сайлов кампаниясини уюшқоқлик билан ўтказишни таъминлаш борасида бир қатор вазифалар белгиланди.
Нурилло Насриев, ЎзА