Экологик лойиҳалар танлови ўтказилди
Бугун экология ва атроф-муҳит муҳофазаси ҳамда ўсимлик ва ҳайвонот оламида юзага келаётган турли хавф-хатарлар шароитида табиат ва борлиқнинг мавжуд ҳолатини сақлаб қолиш, ҳайвонот ва ўсимлик дунёсини асраб-авайлаш муҳим аҳамият касб этади.
Яшил ҳудудларни кенгайтириш, экологик тоза транспортдан фойдаланиш, қайта тикланувчи манбаларга босқичма-босқич ўтиш, шу билан бирга, аҳоли ўртасида экологик маданиятни ошириш, атмосфера муҳофазаси бўйича тарғибот ишларини кучайтириш зарур.

Бу борада кенг аҳоли вакиллари, айниқса, ёшларнинг экологик фаоллигини ошириш алоҳида аҳамият касб этади. Ёш авлод вакилларининг экологик хавф-хатарларга нисбатан шахсий масъулиятини ошириш экологик сиёсат доирасида амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлигига хизмат қилади.
Мазкур йўналишда Ўзбекистон Экологик партияси томонидан бир қатор ишлар амалга оширилаётгани эътиборга молик. Жумладан, партия томонидан “Eco Wise” ёшлар бирлашмаси ҳамкорлигида экологик лойиҳалар танлови ташкил этилди.
Тадбирда 20 га яқин олий таълим муассасаларидан бир гуруҳ иқтидорли талабалар 30дан ортиқ истиқболли лойиҳалар билан иштирок этди.

Тақдим этилган лойиҳалар экологик муаммоларнинг долзарблиги, аҳамиятини ўзида акс эттириб, улар чуқур таҳлил қилинган. Шу билан бирга, мазкур муаммолар бўйича илгари сурилган амалий ечимлар ёшларнинг экологик билим ва тафаккури юқорилигини, уларнинг атроф-муҳит муаммоларига бефарқ эмаслигини кўрсатади.
Бу каби тадбирлар, амалий танловлар ёшлар орасида экологик маданиятни шакллантириш ва янада юксалтиришга, уларнинг масъулиятини оширишга хизмат қилади.
Муҳтарама Комилова, ЎзА