Экоакцияда юзлаб кўнгиллилар қатнашмоқда
21 сентябрь – Бутунжаҳон тозалик куни муносабати билан Термиз тумани Учқизил сув омбори ҳудудида “Экология биздан бошланади” шиори остида экологик акция ўтказилмоқда.
21 сентябрь – Бутунжаҳон тозалик куни муносабати билан Термиз тумани Учқизил сув омбори ҳудудида “Экология биздан бошланади” шиори остида экологик акция ўтказилмоқда.
Сурхондарё вилояти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Ўзбекистон экологик партияси, "Тоза ҳудуд" давлат унитар корхонаси ва бошқа ҳамкорлар иштирокида ташкил этилган акцияда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ишига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшишга тайёр бўлган юзга яқин кўнгилли фуқаролар иштирок этмоқда. Улар автотранспорт, ҳудудни тозалаш учун зарур анжомлар билан таьминланди.

– Тозалик, ободлик бор жойда қут-барака бўлишини ота-боболаримиздан кўп эшитамиз. Бу гапнинг тагида чуқур маъно бор,–дейди Термиз туманидаги 32-умумтаълим мактаби ўқувчиси Умид Ражабов. – Мактабда иккинчи сменада ўқийман. Бугун мактабимизга яқин сув омбор бўйида шу акция ўтаётганини эшитиб келиб, унинг атрофини полиэтилен идишлар ва бошқа чиқиндилардан тозалашда иштирок этаяпман. Тушдан сўнг дарсга бораман. Айниқса ёз фаслида одамлар билан гавжум бўладиган бу жойнинг экологик тозалигига ўз ҳиссамни қўшаётганимдан хурсандман.
Вилоятда илк марта ташкил этилган экоакцияда фаол қатнашиб, бошқаларга намуна бўлган иштирокчилар тадбир ташкилотчиларининг эсдалик совғалари билан тақдирланади.


