ЕХҲТ доирасида Ўзбекистон раислигидаги илк йиғилиш
Австрия пойтахти Вена шаҳрида Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Иқтисодий-экологик қўмитасининг жорий йилдаги ва Ўзбекистон раислигидаги илк йиғилиши бўлиб ўтди.
Австрия пойтахти Вена шаҳрида Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Иқтисодий-экологик қўмитасининг жорий йилдаги ва Ўзбекистон раислигидаги илк йиғилиши бўлиб ўтди.
Тадбирда ЕХҲТ Котибияти ва Парламент ассамблеяси раҳбарияти, 57 та аъзо давлатнинг доимий ҳамда 11 та мулоқот бўйича шериклар ваколатхоналари раҳбарлари, шунингдек, ташкилотнинг бошқа институтлари вакиллари иштирок этди.
Йиғилишда Албаниянинг ЕХҲТда амалдаги раислиги устувор жиҳатлари кўриб чиқилди, Ўзбекистоннинг 2020 йилда Иқтисодий-экологик қўмита раислигидаги иш режаси қабул қилинди.
ЕХҲТ Иқтисодий-экологик қўмитаси раиси, элчи Шерзод Асадов йиғилиш иштирокчиларини қўмитанинг бошқа давлатлар фикрини ҳисобга олган ҳолда ва Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида белгилаб берилган Ўзбекистонни янада ривожлантириш бўйича устувор йўналишлар асосида тайёрланган 2020 йилги иш режаси лойиҳаси билан таништирди. Қўмита иши ЕХҲТ доирасида савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ўзаро транспорт алоқаларини кенгайтириш, туризмни барқарор ривожлантириш, инновациялар ва рақамли иқтисодиётни илгари суриш, “ақлли шаҳар” лойиҳасини амалга ошириш, коррупцияга қарши курашиш, жамиятда хотин-қизлар ролини ошириш, атроф-муҳит муҳофазасида ёшлар ҳиссасини кўпайтириш, экология ва сув ресурсларини барқарор бошқариш каби муҳим масалаларга қаратилади.
Алоҳида қайд этиш жоиз, туризмни ривожлантириш ва Оролбўйи аҳолиси турмуш шароитини яхшилаш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар мисолида атроф-муҳит муҳофазасида ёшлар ҳиссасини ошириш муаммолари ЕХҲТ тарихида илк бор ташкилот доирасида махсус муҳокама этилади.
Йиғилиш якунида ташкилотга аъзо доимий ваколатхоналар, жумладан, АҚШ, Россия Федерацияси, Туркия, Швейцария, Испания, Франция, Канада, Исландия, Ватикан, МДҲ мамлакатлари, шунингдек, ЕИ, ЕХҲТ Парламент ассамблеяси вакиллари сўзга чиқди.
Ўзбекистон раислигидаги Иқтисодий-экологик қўмита фаолияти дастури таҳлил қилинди ва тўлиқ қўллаб-қувватланди.