ЕИ Россияга қарши санкция тафсилотини ойдинлаштирди
Европа Иттифоқи Россияга нисбатан жорий этган янги чеклов 170 ташкилот, 48 жисмоний шахсга таъсир қилади. Бу 2022 йилдан кейинги санкция рўйхатидаги энг жиддий янгиланиш. Бу гал маблағ музлатилиши чораси, РФнинг 94 банки ва йирик молия институтларига маблағ ажратиш тақиқланиши, шунингдек яна 4 хорижий кредит муассасаси билан амалиёт чекланиши кўзда тутилган.
Тақиқ Грузия, Панама, БАА, Маршалл ороллари, Қирғизистон ва Беларусда жойлашган 14 крипто валюта хизмат кўрсатиш платформаси билан амалиётга ҳам тегишли.
– ЕИ илк бор Россияга Евроиттифоқ санкциясини четлаб ўтишга ёрдам берадиган платформани жойлаштирган мамлакатлар учун кучли тўсиқ сифатида учинчи давлатлар томонидан крипто активдан фойдаланишни тўлиқ чеклаш имкониятини жорий қилмоқда, – дея таъкидланган ЕИ Кенгаши баёнотида.
Рўйхатга нефть секторидан 18 юридик ва бир жисмоний шахс, жумладан РФ ҳудудидаги уч нефтни қайта ишлаш заводи, Беларусдаги йирик НҚИЗ ва Россияда Беларусь нефть маҳсулотларини сотиш учун очилган компания киритилган.
Кенгаш рус ҳарбий-саноат мажмуасини қўллаб-қувватлагани учун икки томонлама мақсадли товар ва технологияга нисбатан кескин экспорт чекловига дучор бўлганлар рўйхатига 51 янги субъектни қўшди. Бундай тузилмаларнинг баъзилари учинчи мамлакат, масалан Хитой, Гонконг, Ҳиндистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия ва БААда жойлашган бўлиб, Россиянинг митти электроника, компьютер томонидан бошқариладиган машина ва ярим ўтказгични қайта ишлаш ускунаси каби маҳсулотлари экспорт чекловини четлаб ўтишини осонлаштиради.
Бундан ташқари янги чора-тадбир тўплами Украина билан урушдаги россиялик иштирокчиларга кенг қамровли виза тақиқи учун асос яратади.
С.Раҳимов, ЎзА