АҚШ Эронга қарши ҳарбий амалиётларни кенгайтирмоқчи
“The Wall Street Journal” нашри ёзишича, сўнгги ҳафта ичида АҚШ Яқин Шарққа махсус амалиёт кучларини жойлаштирган. Бундан ташқари, Германиядаги Ландстул тиббиёт марказига 150 дан ортиқ америкалик тиббиёт ходимлари етиб келишди. Бу марказ Яқин Шарқдаги жангларда яраланган америкалик аскарлар учун асосий жой ҳисобланади.
Қирувчи эскадронлар минтақадаги авиабазаларга жойлаштирилди, АҚШ ва Буюк Британияда фаолият кўрсатаётган базалардаги бомбардимончилар юқори тайёргарлик ҳолатига келтирилди, деб хабар берди нашр манбаси.

Чоршанба куни АҚШ Эронга зарба бериш учун “Rockwell B-1 Lancer” стратегик бомбардимончи самолётидан фойдаланган. Бу Қўшма Штатлар ва Эрон ўртасидаги ҳарбий ҳаракатлар қайта бошланганидан бери ушбу турдаги самолётларнинг биринчи марта ишга солиниши. Хабарларга кўра, самолёт Британия ҳарбий базасидан учиб ўтган.
“Bloomberg” ахборот агентлиги Буюк Британиянинг янги бош вазири Энди Бернем АҚШга Эронга зарба бериш учун Британия базаларидан фойдаланишга рухсат бергани ҳақида хабар тарқатди. Таъкидланишича, АҚШ Ҳинд океанидаги Диего Гарсия базасидан ва Англиядаги “RAF Fairford” авиабазасидан Эрон ракета таҳдидига қарши амалиётлар ўтказиши ва Ҳурмуз бўғозида кемалар хавфсизлигини таъминлаш учун фойдаланишда давом этиши мумкин.

Тарқатилган хабарларга қараганда, қарор баҳс-мунозараларга сабаб бўлган, Британиялик айрим сиёсатчилар Эронга қарши зарбалар учун базалардан фойдаланишни тақиқлашни талаб қилган. Трамп эса Лондондан фаолроқ ёрдам сўрамоқда. Шу билан бирга, Британия ҳукумати ҳам Трампнинг Эрон фуқаролик инфратузилмасига мумкин бўлган зарбалар ҳақидаги баёнотларидан хавотирда, чунки бу мумкин бўлган ҳуқуқий оқибатларга олиб келиши мумкин.
Ўз навбатида, Эрон Ташқи ишлар вазирлиги Британия ҳукуматининг АҚШга ҳарбий базалари ва иншоотларини тақдим этиш қарорини қаттиқ қоралади.
Вазирликнинг расмий баёнотида Лондоннинг ҳаракатлари Теҳрон томонидан Эронга қарши “тажовузкорлик ҳаракати” сифатида кўриб чиқилиши таъкидланган. Эрон Ташқи ишлар вазирлиги ушбу амалиётларни қўллаб-қувватлашдаги ҳар қандай ҳамкорлик “тажовузкорлик ва уруш жиноятларига шериклик қилиш билан баробар” бўлиши ҳақида огоҳлантирган эди.

Воқеалар ривожи минтақада кескинлик кундан кунга чуқурлашаётганидан дарак бермоқда. Куни кеча Бирлашган Қироллик элчихона ходимларини Теҳрондан эвакуация қилишини эълон қилган эди. Британия ташқи ишлар вазирлиги ўзининг дипломатик ходимларини Теҳрондан эвакуация қилишини хавфсизлик вазиятининг ёмонлашиши билан изоҳлади. Шундан кейин Франция ҳам элчихона ходимларини Теҳрондан эвакуация қилишини эълон қилди.
С.Раҳимов, ЎзА