ЕИ ноқонуний миграцияга қарши курашиш учун Марокашга молиявий ёрдамни оширади
Жорий йил июль ойи охирида Марокаш ҳудудидан Испаниянинг Сеута анклавига 72 мингга яқин кишининг ноқонуний кириб келиши Европа Иттифоқини чегара назоратини кучайтиришга ундади.
Олдинроқ Ғарбий Саҳрои Кабир атрофидаги низолар сабабли тўхтаб қолган ЕИ ва Марокаш ўртасидаги кенг қамровли келишув ишлари қайта жонланди. Европа Комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйен Испания бош вазири Педро Санчесга йўллаган мактубида чегара бошқаруви ва огоҳлантириш тизимларини мустаҳкамлаш, шунингдек, Марокашга техник ва молиявий кўмакни кўпайтириш зарурлигини таъкидлади.
Фон дер Ляйен бу каби ҳолатлар такрорланмаслиги учун қатъийроқ текширувлар ва жисмоний тўсиқлар ўрнатишга чақирди. Европарламент аъзоси Хуан Фернандо Лопес Агиларнинг қайд этишича, миграция ЕИ ва Марокаш муносабатларидаги асосий масалага айланган. Шу сабабли Брюссель чегара хавфсизлиги учун ажратиладиган ресурсларни кескин оширмоқда.
Маълумотларга кўра, ЕИ 2021–2024 йилларда миграцияни бошқариш учун Марокашга 222 миллион евро ажратган бўлса, 2027 йил охирига қадар яна қўшимча 190 миллион евро етказиб беришни режалаштирмоқда.
Экспертлар фикрича, бу саъй-ҳаракатлар икки томонлама муносабатларни чуқурлаштириш ва ўзаро манфаатли янги йўналишларни кенгайтиришга хизмат қилади.
Ф.Яхшибоева, ЎзА