ЕИ анжуманни нега тарк этди?
Европа Иттифоқи ташқи сиёсат хизмати АҚШ босимидан кейин нохолис ахборот тарқатилишига қарши кураш мавзусидаги халқаро конференцияни қўллаб-қувватлашдан тўхтади. Вильнюсда ўтаётган тадбир олдидан қабул қилинган қарор европалик депутатлар ва фуқаролик жамияти вакиллари танқидига сабаб бўлди.
Европа ташқи фаолият хизмати дастурдаги айрим масалалар муҳокамаси ЕИ расмий қарашига мос келмаслигини билдирди. Бинобарин, айнан қайси мавзулар эътироз уйғотгани очиқланмаган.
“Euronews” маълумотига кўра, Канада ва Литва ҳам АҚШ Давлат департаменти босимидан кейин тадбир материалларидан ўз логотипи олиб ташланишини сўраган. Танқидчилар бундай қарор кўҳна қитъа демократиясини ҳимоя қилиш ва фуқаролик жамиятини ташқи аралашувдан асраш борасидаги иттифоқ мажбуриятига зидлигини айтмоқда.
Баҳснинг асосий нуқтаси – Қўшма Штатларнинг ўзи ҳам Европада ахборот манипуляцияси ва аралашуви манбаи бўлиши мумкинлиги масаласи. Тадбирда айни мавзу ҳам кўтарилади. Айрим европалик депутатлар Вашингтоннинг эҳтимолий аралашувини ҳам бошқа давлатларники каби холис баҳолаш зарурлигини таъкидласа, бошқалар АҚШ билан муносабатга путур етказмаслик кераклигини таъкидламоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА