Эҳтиёжмандларга байрам шукуҳи улашиб..
Мустақиллигимизнинг 31 йиллик байрами арафасида “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Сурхондарё вилояти бўлими уруш ва меҳнат фахрийлари, ёлғиз қариялар, ногиронлиги бўлган шахслар ва кам таъминланган оилалар учун “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” шиори остида турли маданий-маърифий тадбирлар ташкил этмоқда.
Термиз шаҳридаги “Матбуот уйи”да “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими ва туман, шаҳар бўлинмалари мутасаддилари, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаролар вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимларини жамлаган тадбир ҳам ана шу шиор остида ўтказилди.

Унда “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими бошқаруви раиси Х.Самадов мамлакатимизда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, кам таъминланган, ёрдамга муҳтож оилалаларни қўллаб-қувватлаш янги босқичда ривожланаётганини таъкидлади. Маҳаллаларда жорий этилган “Темир дафтар”, “Аёллар”, “Ёшлар дафтар”лари камбағалликни қисқартириб, одамларнинг муносиб турмуш кечиришига кўмаклашаётганини қайд этди. Иштирокчиларни энг улуғ, энг азиз байрамимизнинг муборак 31 йиллиги билан табриклади.

Тадбирда ижтимоий кўмакка муҳтож оилаларнинг бир гуруҳ вакилларига пул маблағлари, бир гуруҳининг фарзандлари учун мактаб формалари туҳфа қилинди.

–Ёлғиз онаман, – дейди Ангор туманидаги Фаровон маҳалласида яшовчи Н. Маматова. – Икки фарзандни камолга етказаяпман. Мустақиллик байрамимизни янада тўкин дастурхон атрофида ўтказадиган бўлдик. Бугунги тадбирда бошқалар қатори менга ҳам “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими томонидан байрам совғасига пул маблағи берилди. Бунинг учун бизни улуғ айёмлар арафасида тез-тез йўқлаб, моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаётган давлатимиздан беҳад миннатдормиз.

Тадбир доирасида вилоятдаги ўнта маҳалла фуқаролар йиғинига замонавий компьютер жамланмаси ва ўнта маҳалла идорасига мебель жиҳозлари тантанали топширилди.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА