Эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлашнинг янги манзилли тизими
Муносабат
Хабарингиз бор, яқинда Президент Шавкат Мирзиёев раислигида камбағалликни қисқартириш ва аҳоли даромадларини ошириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Йиғилишда ўтган даврда амалга оширилган ишлар атрофлича сарҳисоб қилиниб, аҳоли даромадларини ошириш бўйича галдаги устувор вазифалар белгилаб олинди.
Ундаги ҳар бир ташаббус ва қабул қилинган қарорлар ажратилаётган маблағлар ҳамда яратилаётган имкониятларни бевосита маҳалла ва хонадонлар даражасида аниқ натижага айлантиришга қаратилди. Зеро, ислоҳотларнинг чинакам қадри идоралараро баённомаларда эмас, балки оддий инсонларнинг кундалик ҳаётида, даромад манбаларида ва келажакка бўлган ишончида намоён бўлади.
Хусусан, жорий йилнинг ўтган даврида мамлакатимизда камбағаллик даражаси 5,8 фоиздан 3,9 фоизга тушиб, 700 мингга яқин юртдошимиз эҳтиёжмандлик тоифасидан чиққани, шубҳасиз, тизимли меҳнат натижасидир. Бироқ асосий масала фақат молиявий ресурс ажратишда эмас, балки ушбу маблағларнинг пировард самарадорлигидадир. Тўпланган тажриба ва таҳлиллар айрим ҳудудларда бир хил ажратилган маблағ туфайли олинган натижалар кескин фарқ қилаётганини кўрсатди.
Бозор муҳити, сотув занжири ва бизнес юритиш кўникмаси шаклланмаган жойда тадбиркорлик узоққа бормайди. Оқибатда кредит олиб, бизнесини йўлга қўя олмаган минглаб юртдошларимиз молиявий қийинчиликка дуч келмоқда.
Шу боис ёндашув тубдан ўзгаради. Эндиликда аҳолига шунчаки пул эмас, балки тайёр бизнес-режа, касбий кўникма ва бозори кафолатланган комплекс ечимлар тақдим этилади.
Янги тизимнинг бош афзаллиги қарор қабул қилиш ва ресурсларни бошқариш ваколати бевосита туман ва маҳалла даражасига туширилаётганидадир. Эндиликда туман ҳокими бошчилигидаги штаблар қаерга, кимга ва қанча кредит ажратишни маҳаллий шароит ва лойиҳанинг хусусиятидан келиб чиқиб мустақил ҳал қилади.
Бунинг учун оилавий ва ёшлар тадбиркорлиги дастурлари, шунингдек, турли жамғармалардаги 3 триллион 200 миллиард сўмдан ортиқ маблағ тўғридан-тўғри туман штаблари ихтиёрига берилади. Молиялаштириш шартлари бизнес турига мослаштирилади. Қолаверса, маҳалладаги оилаларни атрофига бирлаштириб, уларни барқарор иш билан таъминлаган етакчи тадбиркорларга 5 миллиард сўмгача гаровсиз кредит ажратиш тизими йўлга қўйилади.
Маҳалладаги ҳоким ёрдамчилари ва банк ходимлари эса аҳолига ғоядан то тайёр бизнесгача бўлган йўлда ҳақиқий ҳамроҳ ва бизнес-консультантга айланади.
Шунингдек, Хоразм вилояти тажрибаси асосида бола парваришлаётган ота-оналар учун уйда ёки маҳалланинг ўзида даромад топиш имкониятлари кенгайтирилади. Ижтимоий реестрга киритиш мезонлари ҳам тубдан кўриб чиқилиб, эндиликда фақат оила даромади эмас, балки сурункали касаллик, ногиронлик ва кўп болалилик каби кўп ўлчовли омиллар инобатга олинади.
Жумладан, эҳтиёжманд оилалар фарзандларининг мактабгача таълим, ўқув марказлари ва йўлкира харажатлари, шунингдек, ОТМ ётоқхонаси тўловлари 12 ойлик ваучерлар орқали қоплаб берилади. Оила Ижтимоий реестрдан чиққан тақдирда ҳам ушбу ваучерлар белгиланган муддат охиригача ўз кучини сақлаб қолади.
Бундай манзилли ёндашув камбағалликни нафақат бугун қисқартиришга, балки фарзандларга сифатли таълим ва мустаҳкам касб эгаллаш имконини бериш орқали эҳтиёжмандликнинг авлоддан-авлодга ўтишининг олдини олишга хизмат қилади.
Хулоса қилиб айтганда, камбағалликни қисқартириш бўйича белгиланган янги механизмлар шунчаки молиявий ёрдам кўрсатиш эмас, балки аҳолини барқарор даромад манбаи билан таъминлашга қаратилган яхлит тизимдир. Ваколат ва ресурсларнинг бевосита туман ҳамда маҳалла даражасига туширилиши, ҳар бир оилага манзилли ёндашилиши ва таълимга сармоя киритилиши келгусида эҳтиёжмандликни тубдан камайтиришга хизмат қилади. Энг муҳими, яратилаётган бундай имкониятлар юртдошларимизнинг ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши, меҳнат қилиб, муносиб даромад топиши ва фаровон турмуш кечириши учун мустаҳкам замин яратади.
Мавлуда Адҳамжонова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.
ЎзА