Эҳтиёжманд оилалар “Темир дафтар”дан чиқарилди
Аҳоли билан бевосита ишлаш, уларнинг муаммоларни ҳал этиш, ташаббусларини қўллаб-қувватлашнинг энг самарали механизми – “маҳаллабай” ишлаш тизимининг амалиётга жорий этилиши қишлоқ ва маҳаллаларимизни жадал ривожлантиришга хизмат қилмоқда.
Бу борадаги ишларда сенаторларнинг ҳам фаол иштирок этиши айни муддао бўлмоқда. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати аъзоси, сенатор А.Сангинов Сариосиё ва Узун туманларида “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтар”ига киритилган эҳтиёжманд аҳолининг шароитларини яхшилашга ҳаракат қилмоқда. Хусусан, Сариосиё туманидаги “Ҳумоюн” маҳалла фуқаролар йиғинида ана шундай рўйхатларга киритилган оилаларни дафтардан чиқариш мақсадида туман ҳокимлиги вакиллари иштирокида очиқ мулоқот бўлиб ўтди.
Қайд этиш керакки, Сариосиё туманининг жанубий-шарқий қисмида жойлашган “Ҳумоюн” маҳалла фуқаролар йиғини шаҳар марказидан қарийб 30-35 километр узоқликда жойлашган. Шаҳар марказига боғловчи йўл кўп йиллардан бери таъмирталаб, аҳолининг шаҳарга бориши учун қийинчилик туғдирар эди.
Сенатор ташаббуси билан ушбу йўл тўлиқ таъмирлаб берилди. Олис тоғ қишлоғига олиб борувчи йўлнинг қарийб 16 километр қисмига асфальт, 3,8 километрига эса бетон қоплама ётқизилди.
Айни вақтда ушбу маҳаллада 447 та оилада 4 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади. Маҳаллада яшовчи 4 нафар имконияти чекланганларга ногиронлик аравачаси топширилди. Кам таъминланган ўнга яқин оилага қорамол ва парранда берилди. “Аёллар дафтари”да турган 9 нафар хотин-қизга тикув машинаси тақдим этилди. Мазкур оилалар “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтар”идан чиқарилди.
С.Шоева