Дзюдочиларимиз Венгрияда
Эртага Венгрия пойтахти Будапешт шаҳрида дзюдо бўйича "Катта дубулға" туркумига кирувчи навбатдаги нуфузли мусобақа бошланади.
Бугун, 10 сентябрь куни 70 та давлатнинг 531 нафар дзюдочилари иштирокида ўтадиган нуфузли “Hungary Grand Slam-2026” турнири олдидан мандат комиссиясининг йиғилиши, вазн тоифалари бўйича қуръа ташлаш маросимлари бўлиб ўтади.

Спортчиларга совринли ўринлар қатори, муҳим рейтинг очколарини тақдим этадиган Венгрия беллашувларида мезбонларнинг 38 нафар, Франция терма жамоасининг 22, Исроил жамоасининг 19, Озарбайжоннинг 18, шунингдек, Нидерландия, Германия, Бразилия ва Украинанинг 17 нафар дзюдочиси қатнашиш талабномаларини тақдим этган.
Мазкур нуфузли мусобақада Искандар Расулов ва Азиз Тошматов мураббийлигидаги 6 нафар дзюдочимиз совринли ўринларга даъвогарлик қилади.

Хусусан, терма жамоамиз аъзолари Достон Рўзиев(-60), Элбек Тожиев-(73), Муроджон Йўлдошев (81), Севинч Муродова(-48), Муҳайё Ахматова(-52), Маржона Кўчимова(-78) ўз вазн тоифаларида совринли ўринлар учун кураш олиб боради.
Турнир дастурига мувофиқ биринчи кунги беллашувларда эркаклар -60 ва -66 килограммда, дзюдочи қизлар эса -48, -52 ва -57 кило оғирликдаги беллашувларда иштирок этади.
“Hungary Grand Slam-2026” турнири 13 сентябрга қадар давом этади.
Т.Рўзиев, ЎзА