Дзюдочиларимиз аралаш жамоавий йўналишда жаҳон чемпионати совриндори
Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида дзюдо бўйича катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатининг саккизинчи кунида аралаш жамоавий беллашувлар бўлиб ўтди.
18 та миллий терма жамоа иштирокида ўтган аралаш жамоавий чемпионат беллашувларида Музаффарбек Тўрабоев, Шукуржон Аминова, Шаҳрам Аҳадов, Ширинжон Йўлдошева, Умар Бозоров, Умида Ниғматовадан иборат Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари илк даврада Германияга қарши баҳс олиб боради.

Шиддатли кечган беллашувда Музаффарбек Тўрабоев (+100), Шукуржон Аминова (-57), Шаҳрам Аҳадов (-73) ва Умида Ниғматова (+70) терма жамоамизга ғалаба тақдим этиши ортидан немисларни 4:2 ҳисобида доғда қолдирган ҳамюртларимиз Италияни 4:1 ҳисобида енгган Грузия терма жамоаси билан 1/8 финалда рўбарў келди.

Аралаш жамоавий чемпионатнинг энг кучли таркиби ҳисобланган Грузия терма жамоаси билан кечган қарама-қаршиликда аввалига ҳисоб 3:3 кўриниш олди.
Ташланган қуръа натижасида Умида Ниғматова грузиялик рақиби билан ҳал қилувчи баҳсда татамига чиқди ва ўз шиддатини намойиш этиб, терма жамоамизни 1/2 финал сари бошлашга муваффақ бўлди.

Жаҳон чемпионатининг финал йўлланмаси учун Франция терма жамоасини доғда қолдирган Россия терма жамоасига қарши кечган ўта муросасиз кураш тақдирини қуръа аниқлаган қўшимча беллашув ҳал қилди.
Асосий баҳсда томонлар 3:3 ҳисобидаги жанговар дуранг қайд этган бўлса, қўшимча беллашувда Умида Ниғматова жароҳати сабаб россиялик дзюдочи қизга имкониятни бой берди ва ҳамюртларимиз Мўғулистон терма жамоаси билан бронза медали йўлида беллашиш ҳуқуқини сақлаб қолди.
Бронза медали учун баҳсда терма жамоамиз аъзолари мўғулистонлик дзюдочиларни 4:2 ҳисобида таслим этди ва ҳақли равишда жаҳон чемпионатининг бронза медалларига эга чиқди.
Т. Рўзиев, ЎзА