Дзюдо бўйича халқаро ўқув-машғулот йиғинидан фоторепортаж
Пойтахтимиздаги «Олимпия шаҳарчаси»да ўсмирлар ўртасида дзюдо бўйича халқаро ўқув-машғулот йиғини бўлиб ўтмоқда. Мазкур йиғин ёш спортчиларнинг жисмоний ва техник тайёргарлигини янада такомиллаштириш, халқаро тажриба алмашиш ҳамда нуфузли мусобақаларга тайёргарлик кўриш мақсадида ташкил этилган.
Ўзбекистон дзюдо федерацияси ташаббуси билан ўтказилаётган йиғинда Бирлашган Араб Амирликлари, Чехия, Руминия, Россия, Қозоғистон, Қирғиз Республикаси, Тожикистон ва бошқа давлатлардан келган 350 нафардан зиёд ўсмир спортчи иштирок этмоқда. Машғулотлар давомида тажрибали мураббийлар раҳбарлигида техник ва тактик тайёргарлик, жисмоний чидамлиликни ошириш ҳамда беллашув амалиётига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
[gallery-30631]
Халқаро йиғин турли мамлакатлар вакилларининг ўзаро тажриба алмашиши, спортчилар ўртасида дўстона муносабатларни мустаҳкамлаши, шунингдек, ёш дзюдочиларнинг маҳоратини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилмоқда. Бундай қўшма машғулотлар иштирокчилар учун яқинлашиб келаётган Осиё ва жаҳон чемпионатлари, шунингдек, бошқа йирик халқаро мусобақалар олдидан муҳим тайёргарлик босқичи ҳисобланади.
Муҳаммад АМИН(сурат),ЎзА