Дурдона асарлар яратган аллома
23 сентябрь – аллома таваллуд топган кун
Юртимиз тарихида турли илмларни юксак маҳорат билан эгаллаб, бениҳоя машҳур бўлган ва беқиёс дурдона асарлар яратган алломалар бисёр. Улуғ фақиҳ Бурҳонуддин ал-Марғиноний ана шундай етук шахслардан бири бўлган.
Улуғ фақиҳ 1123 йил 23 сентябрь куни таваллуд топган. Бурҳонуддин ал-Марғиноний дастлабки таълимни Марғилонда олиб, кейинчалик Мовароуннаҳрнинг ўша даврдаги диний ва маърифий маркази бўлган Самарқандга кўчиб борган.
Мавлоно ёшлик чоғлариданоқ Қуръони Каримни ёд олиб, ҳадисларни чуқур ўрганган. Балоғат ёшига етганида, мукаммал илмга эга бўлганига қарамай, устозлардан таълим олишни давом эттирди.
Бурҳонуддин ал-Марғиноний ислом динидаги суннийларнинг тўртта асосий мазҳаби асосчиларининг асарларини ўрганиш билан бирга ўзи ҳам фиқҳга оид бир қатор асарлар яратган. «Китоб ул-машойих» («Шайхлар ҳақидаги китоб») асарида у ўзи таълим олган 40 дан ортиқ шайх ва алломани санаб ўтган.
Бизгача етиб келган асарларидан «Бидоят ал-мунтаҳий» («Бошловчилар учун дастлабки таълим»), «Кифоят ал-мунтаҳий» («Якунловчилар учун тугал таълим»), «Нашр ул-мазҳаб» («Мазҳабнинг ёйилиши»), «Китоб ул-мазид» («Илмни зиёда қилувчи китоб»), «Маносик ул-ҳаж» («Ҳаж маросимлари»), «Мажма ул-навозил» («Нозил бўлган нарсалар тўплами»), «Китоб ул-фароиз» («Фарзлар китоби») ва бошқалар маълум.
Ал-Марғинонийнинг бутун ислом оламида машҳур бўлган «Ҳидоя» асари 1178 йили Самарқандда ёзилди. Бу асар бутун мусулмон оламида машҳур бўлиб кетди. Натижада мусулмон ҳуқуқи — фиқҳ бўйича энг аниқ, изчил, мукаммал асар сифатида тан олинди.
«Ҳидоя»да ҳуқуқий масалаларнинг ечими дастлаб йирик фикҳ олимлари фикрларининг баёни ва унга бошқа муаллифлар эътирози ёки қўшилишларини изҳор этиш йўли билан берилган.
Ана шу обрўли муаллифлар фикрларидан келиб чиқиб, муайян масалада энг маъқул ечимни танлаб олиш йўлига амал қилинган. Шу тариқа унда қонуннинг айнан ифодасигина эмас, балки унинг мукаммал шарҳи ҳам асослаб келтирилади. «Ҳидоя» бир неча асрлар давомида кўп мусулмон мамлакатларида, жумладан, Марказий Осиёда ҳам ҳуқуқшунослик бўйича энг асосий қўлланма ҳисобланади.
Ватандошимиз ал-Марғинонийнинг мазкур асари Н.Гродеков томонидан 1893 йилда рус тилида қисқартирилган таржима ҳолида нашр этилган. Асарнинг биринчи китоби 1994 йилда А.Саидовнинг сўз боши ва шарҳи билан Тошкентда қайта нашр этилди.
Мусулмон оламида ўз қимматини йўқотмаган «Ҳидоя» ва унинг муаллифи Марғиноний фаолияти тадқиқотчилар томонидан таҳлил этиб келинмоқда.
Абдулазиз РУСТАМОВ тайёрлади, ЎзА