Дурдиёрлик эҳтиёжманд аёлларга тикув машиналари топширилди
Андижон вилояти Пахтаобод туманидаги Дирдиёр маҳалласи энг чекка ва оғир ҳудудлардан бири ҳисобланади.
Айни кунда 3 минг нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилаётган ушбу маҳаллада ичимлик суви тизимини янгилаш, йўлларни таъмирлаш, газ ва электр таъминотини яхшилаш, маҳаллада мактабгача таълим ташкилоти барпо этиш, қишлоқ врачлик пункти ташкил этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Шунингдек, маҳаллада аҳоли бандлигини таъминлаш, айниқса, эҳтиёжманд, кам таъминланган оилаларнинг доимий даромад манбаини шакллантириш бўйича ҳам ишлар олиб борилмоқда.

Маҳаллада ўтказилган хатлов натижасида ишсиз хотин-қизлар аниқланиб, улар билан суҳбатлар ўтказилди, қизиқиш ва имкониятлари ўрганилди. Суҳбатларда бир гуруҳ аёллар агар имконият яратиб берилса, ўз хонадонида тикувчилик билан шуғулланиш истаги ва имкони борлигини билдирган. Ана шундан келиб чиқиб, туман ҳокимлиги томонидан мустақиллик байрами арафасида маҳалладаги эҳтиёжманд 7 нафар аёлга субсидия асосида иккитадан замонавий тикув машинаси топширилди.

–Асли чеварлик ҳунари бўлган ана шу опа-сингилларимиз энди ўз хонадонларида тикувчилик билан шуғулланиши мумкин, – дейди Пахтаобод тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари О. Расулов. – Шу орқали даромад топиш, оиласи бюджетига қўшимча маблағ киритиш имконига эга бўлди.

Нафақат Дурдиёр маҳалласида, умуман, Пахтаобод туманида аҳолининг муаммоларини бартараф этиш, бандлигини таъминлаш, турмуш фаровонлигини юксалтиришга қаратилган юқоридаги каби ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА