Дуоси ижобат табаррук отахонлар
ФОТОРЕПОРТАЖ
Инсоният тарихидаги энг машъум ҳодиса – Иккинчи жаҳон урушига Наманган вилояти Янгиқўрғон туманидан 6579 нафар эр йигит сафарбар этилган. Бугун улардан 2 нафаригина ҳаёт.
Поромонлик Муҳаммадиброҳим ота Иномовга чақирув қоғози келганида у эндигина 19 ёшда эди. Урушнинг бор даҳшати гувоҳи бўлиб, машаққатли, оловли йўлларни босиб ўтди.
9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов бошчилигидаги вилоят секторлари, мудофаа тизими ҳамда жамоатчилик вакиллари Муҳаммадиброҳим отани ҳам йўқлади.
Меҳмонлар 102 ёшга кирсада, ҳамон тетик, теран фикрли Муҳаммадиброҳим ота Иномовга узоқ умр, сиҳат-саломатлик тилади. Вилоят раҳбари отахонга Президентимизнинг байрам табригини ўқиб эшиттирди, пул мукофоти ҳамда совға-саломларни топширди.
Туманнинг Исковот қишлоғида яшовчи Топилди ота Мадраҳимов 1943 йил 18 ёшида фронтга чақирилди. Ҳаёт машаққатлари елкасига эрта тушган йигит омонат жонини гаровга қўйиб барча қатори урушга отланди.
Орадан шунча йил ўтса ҳамки Топилди ота хотирасига муҳрланиб қолган уруш даҳшатлари унга тинчлик бермайди. Ягона тилаги – уруш деган офатнинг қайта такрорланмаслиги.
Бундай табаррук нуронийларнинг дуоси ижобат, шубҳасиз.
Отахонни йўқлов тадбири ҳарбий оркестр ва кенг жамоатчилик иштирокида катта байрам тусини олди. Топилди ота Мадраҳимовга Президент табриги ўқиб эшиттирилди. Шунингдек, 20 миллион сўм пул мукофоти ва байрам совғалари топширилди.
[gallery-17329]
Ўз навбатида, Муҳаммадиброҳим ота ҳам кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик учун миннатдорчилик билдирди.
– Бугунгидай тинч-осойишта, халқпарварлик сиёсати устувор замон аввал бўлмаган, - деди Муҳаммадиброҳим ота. – Давлатимиз томонидан олиб борилаётган оқилона сиёсат бугун ҳар соҳада ўз ижобий самарасини кўрсатяпти. Кексайиб қолган бўлсам ҳам телевидение, радио орқали барча янгиликларни кузатиб бораман. Шу ишларнинг бошида турган Президентимиз омон бўлсинлар.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА