Дунёнинг саккизинчи мўъжизаси ...(+видео)
Императорлар тарих давомида бутун давлатларни бошқарган, халқ тақдирини белгилаган ва юрти тараққиётига улкан таъсир кўрсатган шахслардир.
Улар фақат сиёсий етакчилар эмас, балки маданият, илм-фан ва меъморчилик тараққиётига ҳам катта ҳисса қўшганлар. Ҳар бир императорнинг ҳукмронлик даври ўз даврининг иқтисодий, ҳарбий ва маънавий қиёфасини намоён этган.

Хитойнинг Сиань шаҳри яқинида жойлашган Цинь Шихуангди императорининг дафн мажмуаси музейи ўзига хос тарихий аҳамиятга эга маскан.

Музей тарихи...
Цинь Шихуангди (мил. ав. 259–210 йиллар) — Хитойни биринчи марта ягона давлатга бирлаштирган император ҳисобланади. Цинь Шихуангди императорининг дафн мажмуаси музейида 8 мингдан ортиқ терракота аскари, отлар ва араваҳоятлар топилган. Бу кашфиёт 1974 йилда маҳаллий деҳқонлар томонидан сув қазиш вақтида аниқланган. Мазкур мажмуа ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган.

Музей Хитойнинг энг йирик археологик кашфиётларидан бири бўлиб, “Дунёдаги саккизинчи мўъжиза” деб ҳам аталади.
Музейда турли павильонлар бўлиб, у ерда аскарлар, араваҳоятлар, қуроллар ва қўрғониш тизимлари намойиш этилган. Бу ерга ташриф буюриш — нафақат тарих билан танишиш, балки қадимги Хитой маданиятини ҳис қилиш имконияти ҳамдир.

Музейнинг биринчи павильонида 6 000 дан ортиқ аскар сафда турган ҳолда намойиш этилган. Бу Цинь давридаги ҳақиқий қўшин таркибини акс эттиради. Ҳайкалларнинг баландлиги 175–200 см атрофида. Олимлар бу ҳайкаллар реал одамлардан илҳомланиб ясалган деб ҳисоблайди. Чунки ҳар бир ҳайкал ҳақиқий инсон қиёфасига эга. Аммо уларнинг юз-кўзлари, кийимлари ва мимикалари турлича. Аскарлар гилимдан (терракотадан) ясалган, кейин ёғоч қолипда пиширилган. Улар аввал қизил, яшил, кўк рангларга бўялган бўлган, лекин вақт ўтиши билан ранглари йўқолиб кетган. Аскарлар Цинь империясининг ҳарбий қудрати, интизоми ва юксак ташкилий даражасини намоён қилади.

Иккинчи павильонда ўқчилар, отлиқлар, араваҳоятлар каби турли ҳарбий қўшин таркиблари жойлашган. Бундан ташқари бу ердан кўплаб бронза қуроллар ҳам топилган. Учинчи павильон эса қўмондонлик маркази сифатида қурилган деб ҳисобланади. Бу ерда юқори даражали ҳарбийлар ҳайкаллари жойлашган. Учинчи павильон 1976 йилда топилган. Ҳажми жуда катта эмас: майдони тахминан 500 м². Музейнинг бу қисми бутун Терракота армиясининг “мияси” сифатида кўрилади. Маълумотларга қараганда, бу ерда жанг бошланишидан олдин стратегия ишлаб чиқилган. Биринчи ва иккинчи павильон қўшин таркиби бўлса, учинчи павильон — бошқарув маркази бўлган. Мутахассисларнинг сўзларига кўра, Цинь Шихуангди бутун дунёга ҳукмрон бўлишни истаган. Шунинг учун 8 мингга яқин “ҳақиқий” аскар унинг қабрини қўриқлаши учун ясалган. Бугунги кунда музей дунёдаги энг йирик археологик топилмалардан бири ҳисобланади.

Қизиқарли жиҳати — ҳар бир залда ҳайкаллар турли тартибда жойлашган ва улардан тарихий жараёнлар жонланади. Музейни тўлиқ томоша қилиш камида 2–3 соат вақтни талаб этади.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/8XuFfO1d-u0" title="Dunyoning sakkizinchi mo‘jizasi ..." frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳайё Тошқораева,
Искандар Исматов, ЎзА