Дунёнинг қайси ҳудудида гулзорни кўрсак, аввало, Наманган ёдимизга тушади
Нафосат шайдоларига чинакам гўзаллик улашаётган, Гиннес рекордлар китобига киритилган 65-халқаро гуллар фестивали нафақат юртимиз, балки чет эл саёҳларини ҳам ўзига ром этмоқда.
Нуфузли анжуманнинг дастлабки кунларида гуллар диёрида кутилганиданда зиёда туристлар оқими қайд этилди. Жумладан, фестивалнинг тантанали очилиш маросими 513 минг 453 нафар маҳаллий ҳамда қўшни Марказий Осиё, МДҲ, Европа, Америка мамлакатларидан 6 минг 385 нафар туристни ўзига жамлади.
Вилоят туризм бошқармасининг маълум қилишича, байрамнинг илк куни давомида соат 00:00 ҳолатига 721 минг 832 маҳаллий меҳмон ҳамда 14 минг 250 хорижий сайёҳ Наманганга ташриф буюрди. 2026 йил 26 май соат 21:00 ҳолатига, 381 минг 417 маҳаллий меҳмон ва 6 минг 843 хорижий меҳмон гўзаллик ифорини ҳис қилди.
Наманган вилояти ҳокими, сенатор Шавкат Абдураззоқов гуллар шаҳрида бошланган 65-халқаро гуллар фестивалига ташриф буюрган бир қатор хорижий меҳмонлар билан мулоқотда бўлди.
[gallery-29687]
Вилоят ҳокимлигида бўлиб ўтган учрашувда Туркиянинг “TIGTurkey” инвестиция агентлиги президенти Хайреддин Туран, агентлик вице-президенти Меҳмет Селим Арвас, Наманган вилоятининг Туркиядаги туризм элчиси, эбру санъати устаси Аҳмет Чоктан ҳамда Қирғиз Республикасида хизмат кўрсатган маданият арбоби, Қирғизистон, Ўзбекистон, Озарбайжон Ёзувчилар уюшмалари аъзоси, таниқли адиб Бегижон Аҳмедовлар иштирок этди.
Нафосат ва гўзаллик байрамининг илк кунида иштирок этган нуфузли меҳмонлар билан учрашувда савдо-иқтисодий, инвестиция, туризм ва маданий масалалар муҳокама марказида бўлди.
– Компаниямиз саноат, қурилиш, туризм, юқори технологиялар билан шуғулланувчи ўнлаб ширкатларни ўз ичига олади. Қолеверса, Туркия, Кўрфаз давлатлари, Африка мамлакатларининг йирик компанияларини бирлаштирувчи уюшмаларимиз бор. Намангандаги бир неча кичик саноат зоналарига бориб, ишлаб чиқарувчиларнинг салоҳияти юқори эканлигига амин бўлдик, – дейди “TIGTurkey” инвестиция агентлиги етакчиси Хайреддин Туран.
Вилоят ҳокими ўзаро алоқаларнинг муштарак жиҳатлари бисёр эканлигини таъкидлаб, ҳамкорликни тўла қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди.
– Наманган гуллар байрами билан дунё жамоатчилигини лол қолдирмоқда. Бунга ўзимиз ҳам фестивалнинг очилиш маросими давомида гувоҳи бўлдик. Ўзбекистон деганда кўпчилик кўзи олдига Самарқанд ва Бухоро келган. Ҳозир бу сафга Наманган ҳам қўшилди. Яъни “Самарқанд сайқали рўйи замин аст”, “Бухоро қуввати исломи дин аст” таърифларига “Намангон чароғи ҳусни жаҳон аст!”, яъни “Намангон жаҳон ҳуснининг машъалидир!”, деб айтсак ярашади. Наманганни дунё рекорди билан табриклаймиз, – дейди қардош қирғиз адиби Бегижон Аҳмедов.
Тадбирда туризм, медиа, савдо-инвестиция юзасидан бир қатор таклиф-ташаббуслар илгари сурилди. Самимий руҳда кечган мулоқотда фестивални янада бойитиш, ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасида фикр-мулоҳазалар алмашилди.
Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА