Дунёнинг гултожи ўзингсан, аёл
Нукусда 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан “Дунёнинг гултожи ўзингсан, аёл!” мавзусида тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Унда республикамизнинг барча шаҳар ва туманларидан келган нуроний онахонлар, жамият ҳаётида фаол иштирок этаётган хотин-қизлар, турли вазирлик ва идоралар вакиллари иштирок этди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси М.Камалов сўзга чиқиб, хотин-қизларни байрам билан муборакбод этди.
Таъкидланганидек, Президентимиз раҳбарлигида бугунги кунда юртимизда хотин-қизларга ғамхўрлик кўрсатиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ҳаётдаги фаоллигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Юртимизда гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизларни жамиятимизнинг барча соҳаларида ўз қобилиятини, салоҳиятини кўрсатишига кенг йўл очиш, уларни касб-ҳунарга, тадбиркорликка ўргатиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож аёлларга ёрдам кўрсатиш мақсадида “Аёллар дафтари”ни жорий қилиш, олий ўқув юртларида таҳсил олаётган қизларнинг шартнома тўловларини тўлаб бериш, фидоий, истеъдодли хотин-қизларнинг меҳнатини муносиб баҳолаш сингари қатор ишлар амалга оширилаётгани оналаримизга, опа-сингилларимизга, дилбар қизларимизга бўлган алоҳида эътибор ва ғамхўрликнинг ёрқин ифодаси.
Бунинг натижасида хотин-қизларимиз илм-фан, таълим, тиббиёт, маданият, спорт, саноат, қишлоқ хўжалиги сингари жамиятимизнинг энг муҳим соҳаларида самарали фаолият юритмоқда. Улар орасидан кўплаб депутатлар, фан докторлари, ёзувчи-шоирлар, тадбиркорлар юртимизнинг сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ҳаётида фаол қатнашиб, унинг тараққий этишига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 4 мартдаги «8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан мукофотлаш тўғрисида»ги фармонига мувофиқ, юртимизда олиб борилаётган туб ислоҳотларда фаол қатнашиб, янги Ўзбекистонни барпо этиш, халқимиз фаровонлигини юксалтириш йўлида ташаббус ва намуна кўрсатиб келаётгани учун Қорақалпоғистон Республикасидан 8 нафар хотин-қиз фахрий унвон, орден ва медалларга сазовор бўлди. Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг жорий йил 3 мартдаги қарори асосида 2 нафар қиз ўзининг иқтидори ва намунали фаолияти билан ёшларга ўрнак бўлиб келаётгани, ижтимоий ҳаётда фаоллик кўрсатаётгани учун Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланди.
Тантанали тадбирда бир гуруҳ фидойи хотин-қизлар Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Президиумининг махсус қарори билан “Ардоқли нуроний”, “Ватан фидойиси” ва “Умид учқуни” кўкрак нишонлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг «Фахрий ёрлиқ»лари билан тақдирланди. Шунингдек, давлат ва жамият ҳаётидаги фаоллиги, ўзларининг юксак самарали меҳнати билан ажралиб келаётган бир гуруҳ хотин-қизларга «Мўътабар аёл» кўкрак нишони топширилди.
Мукофотланганлар номидан “Ватан фидойиси” кўкрак нишони соҳибаси Роза Палванова, “Умид учқуни” кўкрак нишони соҳибаси Наргиза Болтабоева, “Ардоқли нуроний” кўкрак нишони соҳибаси Зинаида Тигай хотин-қизларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлиги учун Президентимизга миннатдорлик билдирди.
–Мамлакатимизда биз ёшларнинг ҳар томонлама билим олишимиз учун барча шарт-шароит яратилган,–дейди Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети магистранти, “Умид учқуни” кўкрак нишони соҳибаси Наргиза Болтабоева.- Мана шундай имкониятлар натижасида «МДҲ нинг энг яхши талабаси-2020» халқаро танловида биринчи ўринни эгалладим.
Тадбир санъат усталари ва ёш ижрочиларнинг концерт дастури билан давом этди.
[gallery-1459]
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА