Дунёнинг энг сара полвонлари Наманганда беллашади
Наманган шаҳри шу йилнинг 8-11 сентябрь кунлари миллий спорт тури саналган белбоғли кураш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун эркаклар ва аёллар ўртасида жаҳон чемпионатига мезбонлик қилади.
Мазкур нуфузли мусобақа олдидан Спортни ривожлантириш вазирлиги, Жаҳон белбоғли кураш ассоциацияси, Наманган вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон, Россия Федерациясининг Бошқирдистон Республикаси ва Монголия давлати белбоғли кураш федерациялари мутасаддилари иштирокида матбуот анжумани ташкил этилди.
Тарихи уч минг йилликка бориб тақаладиган белбоғли курашимиз бугун халқаро спорт ареналарида бўй кўрсатиб, ўз ўрни ва нуфузини топмоқда. Асрлар оша ўзида мардлик, ҳалоллик, жасорат каби фазилатларни жамлаган миллий курашимизни дунё миқёсида кенг ривожлантириш мақсадида 2021 йил 27 сентябрда Литванинг Вильнюс шаҳрида Жаҳон белбоғли кураш ассоциацияси (ЖБКА) ташкил этилиб, унга ватандошимиз Алишер Ғаниев президент этиб, сайланди. Ҳозирга қадар белбоғли кураш оммалашган дунёнинг 18 та мамлакати мазкур халқаро спорт ташкилотига аъзо бўлди. Ўтган қисқа давр ичида белбоғли кураш бўйича Европа, Пан Америка, Осиё конфедерациялари таъсис қилинди.
ЖБКА ва Ўзбекистон белбоғли кураш федерацияси ташаббуслари билан ўтган йилнинг ноябрь ойида Жиззах ва жорий йил май ойида Қўқон шаҳарларида Ўзбекистон Президенти соврини учун ёшлар ўртасида жаҳон чемпонатлари юқори савияда ўтказилгани ушбу миллий спорт турини ер курраси бўйлаб оммалашиб бораётганидан далолат беради.
[gallery-8710]
- Миллий спорт туримиз белбоғли курашни Осиё ўйинлари, Европа ўйинлари, қолаверса, Олимпия ўйинлари дастурига киритиш асосий мақсадимиз ҳисобланади, - дейди Ўзбекистон белбоғли кураш федерацияси раиси Равшан Дастиров. – Бунинг учун ЖБКА билан биргаликда узоқ йиллик пухта ва аниқ истиқболли дастурий режалар ишлаб чиқилмоқда. Истиқболли лойиҳаларимизни изчил амалга ошириш ниятида Наманган вилояти спорт мутасаддилари билан бирга ўтган йили Украинанинг Львов шаҳрида бўлиб ўтган Европа чемпионатини кузатиш асносида халқаро мусобақа ташкиллаштириш борасидаги тажрибаларни ўргандик. Шу тариқа, Фарғона водийсида биринчилардан бўлиб, Наманган вилоятида белбоғли кураш бўйича жаҳон чемпионатини ўтказишга қарор қилдик.
- Янги Ўзбекистонда тажриба тариқасида нуфузли спорт мусобақалари, айниқса, жаҳон чемпионатлари мезбонлиги илк маротаба пойтахтдан ташқари ҳудудларда йўлга қўйилмоқда, - дейди Наманган вилояти спортни ривожлантириш бош бошқармаси бошлиғи Анваржон Тўйчиев. – Наманган шаҳрида март ойида футбол бўйича “Navruz cup” халқаро турнири ҳамда июнь ойида Осиё чемпионати саралаш гуруҳ босқичи юксак савияда ўтказилди. Келаси ойда эса таэквондо бўйича “Namangan cup” халқаро турнирини уюштирамиз.
Наманган шаҳридаги “Баркамол авлод” спорт мажмуасида бўлиб ўтадаган жаҳон чемпионати баҳсларида Қирғизистон Республикаси, Грузия, Бельгия, Эрон, Россия, Покистон, Хитой, Италия, Туркия, Камерун, Бразилия, Ҳиндистон, Латвия, Эстония, Қозоғистон, Тожикистон сингари 32 та мамлакатдан 500га яқин маҳоратли полвонлардан жамланган жамоалар иштирок этади.
Мусобақаларда эркаклар белбоғли кураш ва белбоғли курашнинг эркин йўналиши бўйича 8 та вазн тоифасида куч синашса, аёллар 5 та вазнда курашади. Терма жамоамиз бош мураббийси Усмон Муҳаммадовнинг айтишича, Ўзбекистон спортчиларининг асосий қисми наманганлик 15 нафар полвонлар ҳиссасига тўғри келади. Айниқса, кўп карра жаҳон чемпиони, тўрақўрғонлик Рустам Умаровга мазкур мусобақа навбатдаги ғалабага эришиш учун катта имконият демак.
Эслатиб ўтамиз, Президент соврини учун белбоғли кураш бўйича жаҳон чемпионатининг умумий мукофот жамғармаси 351 миллион сўмни ташкил этиб, унда ғолиб чиққан спортчилар 10 миллион сўм ютуққа эга бўлади.
Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА