Дунё халқлари вакиллари: иқлим ўзгариши шароитида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш долзарблашди
Танзаниянинг Аруша шаҳрида Парламентлараро иттифоқнинг 153-ассамблеяси доирасида «Дастурхонимизда нима бор? Ўзгарувчан иқлим шароитида соғлом озиқ-овқат билан таъминлаш» мавзусида семинар ўтказилди.
ФАО (БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти) вакили Сион Чью (видеоалоқа орқали), Уругвай парламенти аъзоси Зулмар Феррейра, Стокгольм атроф-муҳит институти вакили доктор Андерсон Кеҳбила, Латвия парламенти аъзоси Яна Симановска ўз чиқишларида иқлим ўзгаришининг озиқ-овқат хавфсизлигига таъсири, аҳолини сифатли ва хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотлари билан барқарор таъминлаш, соҳада парламентлар ролини кучайтириш масалаларига эътибор қаратди.
Семинарда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Манзура Салимова маъруза қилиб, мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва эришилган натижалар ҳақида маълумот берди. Озиқ-овқат хавфсизлиги инсон қадри, аҳоли фаровонлиги ва ижтимоий барқарорликнинг муҳим шарти экани боис Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ушбу йўналишда тизимли ислоҳотлар амалга оширилаётгани қайд этилди.
Қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020 - 2030 йилларга мўлжалланган стратегияси ҳамда «Озиқ-овқат хавфсизлиги тўғрисида»ги қонун соҳанинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

2025 йилда Ўзбекистоннинг мева-сабзавот ва озиқ-овқат маҳсулотлари экспорти 3,2 миллиард АҚШ долларига етиб, 2017 йилга нисбатан қарийб беш баробар ошди. Қишлоқ хўжалигида эса 50 миллион тонна озиқ-овқат маҳсулоти етиштирилди. Бу натижалар ички бозор таъминотини мустаҳкамлаш ва «Ўзбек меваси» брендининг халқаро рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилмоқда.
Шу билан бирга, иқлим ўзгариши, сув танқислиги ва глобал иқтисодий беқарорлик озиқ-овқат таъминоти учун янги хавфларни юзага келтираётгани қайд этилди. Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон вакили учта устувор йўналиш бўйича таклифларни илгари сурди. Жумладан, озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасида парламент назоратини кучайтириш, қонунлар ва давлат дастурлари ижросини баҳолашда маҳсулотларнинг аҳоли учун ҳамёнбоплиги, ҳудудларда таъминот узлуксизлиги ҳамда эҳтиёжманд оилаларнинг тўлақонли овқатланиш имкониятларини асосий мезон сифатида белгилаш зарур.

Иқлимга мос қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, сув тежовчи технологиялар, қурғоқчилик ва шўрланишга чидамли навларни жорий этиш, «ақлли қишлоқ хўжалиги» ва сунъий интеллект имкониятларидан самарали фойдаланиш, шунингдек, қўшма илмий тадқиқотлар ва тажриба алмашинувини кенгайтириш керак.
Озиқ-овқат йўқотишларини қисқартириш, замонавий сақлаш ва логистика инфратузилмасини ривожлантириш, таъминот хавфлари бўйича тезкор ахборот алмашиш ҳамда минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш жуда муҳим.
Бу борада истеъмолчилар саломатлиги ва маҳсулотлар хавфсизлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланди.
Тадбир иштирокчилари озиқ-овқат хавфсизлигига оид глобал муаммоларни ҳал этишда парламентлараро ҳамкорликни амалий ташаббуслар ва стратегик келишувлар асосида янада мустаҳкамлашга қарор қилди. Қурғоқчилик, тупроқ шўрланиши ва сув танқислиги қишлоқ хўжалигига жиддий таъсир кўрсатаётгани қайд этилиб, ресурсларни тежовчи технологияларни жорий этиш, иқлимга чидамли экин навларини яратиш ва давлатлар ўртасида тажриба алмашишни давом эттиришга келишиб олинди.
Норгул Абдураимова, ЎзА