“Дунё садолари”: Қалбимиз фахрга тўлди
Хонобод шаҳрида бўлиб ўтаётган “Дунё садолари” халқаро миллий эстрада санъати фестивали давом этмоқда.
Алишер Навоий номидаги маданият ва истироҳат боғи ҳудудида ташкил этилган саҳналарда туман, шаҳар маданият бўлимлари санъаткорлари, турли ансамбллар томонидан намойиш этилган бадиий дастурлар, ижро этилган рақс, куй ва қўшиқлар, дорбозлар гуруҳларининг чиқишлари фестиваль меҳмонларига хуш кайфият улашди.
Фестиваль меҳмонлари юртимиз эстрадаси хонандалари ҳамда жаҳон эстрадаси юлдузларининг чиқишларидан баҳраманд бўлди. Бу иштирокчиларда унутилмас таассурот қолдирди.
[gallery-18528]
– Бутун жамоамиз билан фестиваль тадбирларини томоша қилгани келдик, – дейди Булоқбоши туманидаги 18- давлат мактабгача таълим ташкилоти логопеди Феруза Ҳожиматова. – Нафақат юртимиз, балки жаҳон эстрадаси юлдузларининг чиқишларини бевосита кузатиб, юртимизда, хусусан, Хонободда мана шундай фестиваль бўлиб ўтаётганидан қалбимиз фахрга тўлди. Кундан кунга юксалиб бораётган, дунёга юз тутаётган юртимизда бу каби тадбирлар, фестиваллар бўлаверсин.
“Дунё садолари” фестивали давом этмоқда.
Ф. Убайдуллаев,
З.Умрзоқов (фото),
ЎзА мухбирлари