“Дунё “Пульси”га қулоқ тутиб...”
Истиқлолнинг дастлабки йилларида ёш суверен давлат олдида турган бири-биридан муҳим, кечиктириб бўлмас вазифаларнинг ҳар бири ўз ечимига ўта масъулият билан ёндошиш, ягона тўғри ечимларни топиш, халқона тил билан айтганда, етти ўлчаб, бир кесишни талаб этар, аммо вақт бунга изн бермасди. Жумладан, ўта тиғиз шароитда давлатимизнинг мустақил ташқи сиёсати асосларини яратиш ва йўлга қўйиш, Ўзбекистонни биринчилардан бўлиб тан олган давлатларда элчихона, ваколатхоналар очиш, элчи, консул ва бошқа дипломатия кадрларини тайёрлаш кун тартибига чиққанди.
Муболағасиз айтиш мумкинки, бу борада тажрибасиз эмасдик. Улуғ мутафаккир бобомиз Алишер Навоий шоир, давлат арбоби бўлиш билан бирга, элчи, яраштирувчи, келиштирувчи, бугунги тил билан айтганда – маҳоратли дипломат ҳам эди. Нуриддин Муҳиддинов, Сарвар Азимов, Рафиқ Нишонов, Убайдулла ва Баҳодир Абдураззоқовлар ўз вақтида фавқулодда ва мухтор элчиликка доир катта тажрибага эга бўлишган. Энди эса суверен давлатнинг ички ва ташқи сиёсати асослари, мақсад ва муддаоси, танлаган йўлини дунё давлатлари орасида тарғиб қила оладиган, айни чоғда, давлатлараро маданий-маърифий, ижтимоий-сиёсий ҳамда иқтисодий алоқаларни йўлга қўйишда фаоллик кўрсатишга қодир кадрлар керак эди. Не бахтки, бу муаммоларни ҳал этишда жиддий қийинчиликка дуч келинмади. Узоқ-узоқларда бирин-кетин очилаётган мамлакатимиз элчихоналари, бош консуллик идоралари шижоат билан ишга киришишди. Таниқли журналист изланувчан, кузатувчан касбдошларимиздан бири Аброр Ғуломов дипломатия соҳасидаги фаолиятини айни шу йилларда бошлади.
Меҳнат фаолиятини “Тошкент ҳақиқати” газетасида оддий мухбирликдан бошлаган Аброр Ғуломов мамлакатимиз мустақиллигининг дастлабки йилларида миллий истиқлол меваси бўлмиш “Жаҳон” ахборот агентлигига раҳбарлик қилди. Кейин ўн бир йил давомида Ўзбекистоннинг Истанбулдаги консулхонасини бошқарди. Айтишга осон. Аброрнинг ўзи ёзганидек, у йиллари ёш жамиятимиз энди-энди оёққа туриб, халқаро майдонда маълум тажриба орттираётган, мамлакат ташқи сиёсатини, ўзаро дипломатик алоқаларни йўлга қўйиш борасида тайёр андозанинг ўзи йўқ пайтлар эди.
Аброр шиддат билан ишлади, дипломатия соҳасида тажрибали мутахассислардан бирига айланди, икки туркий давлат ўртасида юзага келган совуққонлик ҳолатини яхшилашга, икки томонлама манфаатли ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишга ўз ҳиссасини қўшди. Тошкентга қайтгач, ўқувчиларга ўзининг дастлабки китоби “Истанбул дафтари”ни ҳадя қилди. Ушбу китобда келтирилган кўп маълумотлар китобхонларни олис тарихда содир бўлган буюк муҳораба ҳақиқатларига яқинлаштиради. Ўқувчи сифатида мен “Ўзбек хонлари ва Усмонли султонлари”, “Арго” операцияси қаҳрамони Рўзи Назар”, “Абдулла Орипов сабоғи”, “Кенжа Соғуний нима дейди?”, “Кўниё. Мавлонога таъзим” бўлимларидан кўп нарса олдим, вафоти олдидан Ўзбекистонга келиб, муқаддас қадамжоларда эл-юртига рўшноликлар тилаб тиловат қилган Турғут Ўзални, ватансизликда эллик икки йил яшаб, она-юртига қайтган Рўзи Назарни эсладим. Таниқли ватандошимиз Собир Сайҳонга бағишланган саҳифаларни соғинч ҳисси билан ўқидим. Ён дафтаримга: “Ватан муҳаббати дилга жо бўлса, олисларда туриб ҳам унга сидқидилдан хизмат қилиш мумкин”, деб ёзиб қўйдим.
Китобда тақдир тақозосига кўра ўзга мамлакатларда қолиб кетган кўплаб юртдошларнинг тақдири, соғинчи юракни ларзага солувчи митти ҳикоячалар мисолида очиб берилади. Улар таъсирида китобнинг сўнгги саҳифасига етиб келганингизни сезмай қоласиз.
Аброр Ғуломов шу билангина кифояланмади. Мана, бир неча йилдирки, ижтимоий тармоқларда тўхтовсиз, тинимсиз, дунёда кечаётган энг муҳим ва чигал воқеа-ҳодисаларни холислик, профессионаллик ва ҳозиржавоблик билан шарҳлаб келмоқда. Халқимизда “Чумчуқ сўйса ҳам қассоб сўйсин”, деган мақол бор. Бугун дунё минтақаларида кечаётган талотўпли можароларни жуда кўплар шарҳламоқда. Телеканаллар бу иш билан эртаю-кеч банд десак, муболаға бўлмайди. Аммо бу шарҳларнинг аксарияти маълум бир томоннинг, ўзини ҳамиша ҳақ деб ҳисоблайдиган давлат ёки гуруҳнинг шахсий манфаатларига мослаштирилгани боис, одамни чалғитади. Ким ҳақ, ким ноҳақ, можаро илдизлари қаерда, ечим йўллари борми – бу каби саволлар саволлигича қолиб кетмоқда. Яқин-яқингача телевидениемизда “Бугун оламда нима гап?”, “Дунё воқеалари” каби сиёсий шарҳ кўрсатувлари бўларди, кўпчилик уларни интиқиб томоша қилишарди. Журналистлар орасидан таниқли шарҳловчилар етишиб чиққанди. Бугун айни шундай кўрсатувларга эҳтиёж катта десам, хато қилмаган бўламан. Аброр Ғуломов ва бошқа қатор ҳамкасбларимиз элчилик, консуллик тажрибалари билан шу ишни бошлаб берсалар айни муддао бўлади. Чунки халқаро шарҳ маданий ёки иқтисодий шарҳ каби журналистиканинг қон томирларидан бири. Шу боис бу йўналиш мамлакатимизнинг кўплаб олийгоҳлари журналистика факультетларида алоҳида фан сифатида ўқитилади. Шундай экан, бу борадаги тажрибалардан самарали фойдаланиш зарур.
Шундай мулоҳазалар кўнглимдан ўтиб турганида Аброр Ғуломовнинг “Истанбул дафтари”, “Эътиқодни афзал билиб...”, “Дунё: нималар бўляпти ўзи?”, “Россия-Украина: биродаркушлик уруши”дан сўнг нашрга тайёрлаган янги китоби – “Дунё “пульси”га қулоқ тутиб”нинг қўлёзмасини ўқиб чиқдим. Юқорида билдирган истакларим маълум маънода амалга ошаётганидан хурсанд бўлдим. Оддий сўзлашувда “пульс” сўзини “томир” сўзи билан алмаштирса бўлади. Хўш, дунё мамлакатлари томирларида бугун нима гап, нима ҳолат? Курраи заминнинг юрак юриши, ҳарорати қай даражада? Қаерда қандай муаммо бор? Тузатиш, янги, эски жароҳатларнинг олдини олиш учун нима қилиш керак? Очиқроқ айтсак, кўпчилик тинч-тотув асри бўлади деб умид қилган янги юз йилликнинг дастлабки чораги адоғида нималар бўляпти ўзи? Дунё қонли можаролар гирдобига ҳеч қачон бугунгидек ғарқ бўлмаган эди-ку!
Муаллиф айни шу саволлар гирдобида яшайди – дунё воқеаларини синчковлик билан кузатади, фикр билдиради, кўп ҳолларда фикр, муносабат билдиришни ўқувчининг ўзига қолдиради: “Умидларни саробга айлантирган саммит”, “Ҳиндистон-Покистон уруш ёқасида”, “Дунёни ўзгартираётган ШҲТ”, “АҚШ-Сурия”: ҳали тўла ишонч йўқ”, “Беқарорлик Франция чегарасидан ошиши мумкин”...
Бу китобни ҳеч иккиланмай кўп нусхада нашр этиш ва журналистика факультетлари қўшимча ўқув дастурларига киритиш мумкин, деган фикрдаман. Китобни ўқиган кўплаб касбдошларимиз ҳам шундай фикрга келишларига ишончим комил.
Аҳмаджон Мелибоев,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.
ЎзА