Дунё полвонлари Парижда Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун беллашмоқда
Бугун, 18 июль куни Франция пойтахти Париж шаҳрида кураш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун халқаро турнир бошланади.
Кеча мазкур нуфузли мусобақа олдидан Париж шаҳридаги “Mercureм” меҳмонхонасида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Унда иштирок этган Ўзбекистон кураш федерацияси раисининг спорт ишлари бўйича ўринбосари Уйғун Умаров, Европа кураш конфедерацияси президенти Жаноб Мерампи Илиадис, Франция кураш федерацияси вакиллари анъанавий тарзда ўтказилиб келинаётган мазкур халқаро турнир дунёда курашга бўлган эътибор ва қизиқишнинг ошишига туртки бўлаётганини таъкидлади.

Эйфел минораси ёнидаги “Centre sportif Emile Anthoine” мажмуасида ташкил этиладиган мусобақада нафақат Европанинг, балки бутун дунёнинг энг кучли полвонлари ғолиблик учун беллашиши, турнир доирасида маданий тадбирлар ўтказилиши халқаро ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланишига хизмат қилишини эътироф этди.

Анжуманда айтиб ўтилганидек, мукофот жамғармаси 30 минг евродан иборат халқаро турнирда 30 га яқин давлатнинг 100 нафарга яқин энг кучли курашчилари беллашади.
Матбуот анжуманидан сўнг спортчилар учун вазн ўлчаш маросими ўтказилди. Эслатиб ўтамиз, халқаро турнирда эркаклар -90 ва +90 килограммда, аёллар эса -70 ҳамда +70 кило оғирликда беллашади.
Мусобақалар 19 июлга қадар давом этади.
Т.Рўзиев, ЎзА