Дунё полвонлари Норинда беллашди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманган вилоятининг Норин тумани марказида Халқлар дўстлиги Гран-при халқаро турнири бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси спортни ривожлантириш вазирлиги, Ўзбекистон белбоғли, бел олиш ва учкураш ассоциацияси ҳамда Наманган вилояти ҳокимлиги томонидан илк бор ўтказилган ушбу нуфузли турнирда Европа ва Осиё қитъаларининг 20 га яқин давлатларидан номдор полвонлар иштирок этди.
[gallery-8404]
Халқаро турнирнинг дастлабки олтин медалларини ўз вазн тоифасида қирғизистонлик Мирлан улу Бахтиёр, Байаман Миктабеков, қозоғистонлик номдор полвон Ернар Байжигит қўлга киритди. Терма жамоамиз аъзоси Ҳусан Абдиҳакимов ҳам кураш йўналишида ўз рақибларига имконият қолдирмай, олтин медаль соҳибига айланди. Яна бир курашчимиз Дурдона Маъмуржонова 84 килограмм вазн тоифасида терма жамоамиз ҳисобига иккинчи олтин медални тақдим этди.
Турнир якунида туман ҳокими Жўрабек Нурматов халқаро мусобақа ташаббускорлари, спортчи ҳамда мураббийларнинг самарали меҳнатини эътироф этиб, полвонларга келгуси фаолиятида омад тилади.
Ғолиблар туман ҳокимининг қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди.
Аҳамиятлиси, мазкур Халқлар дўстлиги Гран-при халқаро турнири ҳар йили юртимизда анъанавий тарзда ўтказиладиган бўлди. Бундай нуфузли халқаро турнирнинг ўтказилиши мамлакатимизда спорт туризмини ҳам ривожлантиришга хизмат қилади.
ЎзА фотомухбири
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ олган суратлар